Исроилга қарши халқаро босим, Трамп ва Путиннинг суҳбати ҳамда Ғазога ҳуманитар ёрдам – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил Ғазога ҳуманитар ёрдам етказишга рухсат берди
Сўнгги ойларда Исроил Ғазога босқинчилик таҳдиди билан бирга, ҳуманитар ёрдамни ҳам тўхтатиб, ҲАМАСга босим ўтказишга уринаётган эди. Эндиликда Исроил бу сиёсатдан бурилиш қилиб, бир нечта озиқ-овқат юк машиналари секторга киришига рухсат берди.
Бу ўзгаришлар Исроил раҳбарияти ичидаги стратегик келишмовчиликларни акс эттиради. Ўта ўнг бош вазир Нетаняху Трамп маъмурияти бошчилигидаги халқаро ҳамкорларнинг ҳуманитар фалокат ҳақидаги хавотирларига нисбатан мувозанат сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Нетаняху идорасига кўра, янги механизм ишлаб чиқилгунга қадар гуманитар ёрдам Ғазо секторига одатий каналлар орқали етказилиши керак бўлади. Шу билан бирга, Исроил энди улар Ҳамас аъзолари қўлига тушмаслиги учун чоралар кўришга ваъда берди.
АҚШнинг Исроилдаги собиқ элчиси Даниэл Шапиро «Нетаняҳу ҳар доимгидек, вақтдан ютишга уринмоқда ва қарор қабул қилишдан қочмоқда», деган. Унга кўра, Исроил ҳарбий раҳбарлари Ғазони тўлиқ эгаллаб олиш режаларини узоқ муддатда амалга ошириш мумкин эмас, деб ҳисоблайди — бунинг асосий сабаби ҳарбийлар орасидаги сустлик ва Ғазода гаровдагилар тақдири.
Шунингдек, Исроил ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича янги музокараларни кутмоқда. Трамп маъмурияти тарафидан босим кучайган, ҲАМАС эса доимий сулҳ эвазига гаровдагиларни озод қилишга тайёр. Нетаняху видеомурожаатда ҳуманитар ёрдам ҳам аслида ўзи учун фойдали эканлигига ишора қилган:
«Очарчиликка йўл қўйиш мумкин эмас — на ҳақиқатда, на дипломатик нуқтайи назардан. Акс ҳолда, очарчилик тасвирлари туфайли бизга халқаро қўллаб-қувватлов бўлмайди ва биз ғалабага эришолмаймиз», деган у.
Трамп ва Путин: 2 соатлик телефон суҳбати
19 май куни АҚШ Президенти Доналд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида икки соатлик телефон суҳбати бўлиб ўтди. Путин суҳбатни Кремлда эмас, балки Сочидаги «Сириус» таълим мажмуаси биносига ташриф буюрган вақтда ўтказган.
Трамп суҳбатни «муваффақиятли» деб атаб, Россия ва Украина ўртасида сулҳ музокаралари «дарҳол» бошланишини эълон қилди. У, шунингдек, Ватиканни музокаралар учун эҳтимолий мезбон сифатида таклиф қилди.
Путин эса музокараларга тайёрлигини билдирган бўлса-да, зудлик билан сулҳга рози бўлмади. У Россия ва Украина ўртасида келажакдаги тинчлик битими бўйича меморандум устида ишлашга тайёрлигини маълум қилди. Расмий Кремль, шунингдек, Трамп билан суҳбатни «мазмунли» деб атади ва икки томонлама муносабатларни яхшилаш, айниқса савдо ва иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида, имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Ҳар икки томон 9 нафар маҳбусни алмашиш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олган.
«Мен Доналд Трампга бевосита музокараларни қайта тиклашни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирдим. У сулҳ масаласидаги ўз позициясини баён қилди. Мен Россия тинч йўл билан можарони ҳал этиш тарафдори эканини таъкидладим. Биз тинчлик сари энг самарали йўлларни аниқлаб олишимиз керак», — деди Путин мулоқотдан кейин.
Ушбу суҳбат Россия-Украина урушини дипломатик йўл билан ҳал этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланаётган бўлса-да, зудлик билан сулҳга эришилмаганлиги ва Россиянинг максималист талабларини давом эттириши музокараларнинг мураккаблигини кўрсатмоқда. Европа ва Украина етакчилари эса Россияга нисбатан босимни ошириш ва музокараларда фаол иштирок этиш зарурлигини таъкидламоқда.
Исроилга халқаро босим ошиб бормоқда
19 май куни Британия Бош вазири Кеир Стармер, Франция Президенти Эммануэл Макрон ва Канада Бош вазири Марк Карней Исроилнинг Ғазо ҳаракатларини қоралаб, қўшма баёнот эълон қилди. Улар Исроилнинг ҳуманитар ёрдамни тўсиб қўйиши ва айрим ҳукумат аъзоларининг фаластинликларни мажбуран кўчириш ҳақидаги таҳдидларини халқаро ҳуқуққа зид деб атади:
«Агар Исроил ҳарбий ҳужумларни тўхтатмаса ва ёрдамни чеклашни тугатмаса, биз аниқ чоралар кўрамиз», — дейилади қўшма баёнотда.
Улар, шунингдек, Британия, Франция ва Канада Фаластин давлатини тан олишга тайёр эканликларини билдирган ҳамда бу орқали икки давлат ечимига ҳисса қўшмоқчи эканликларини таъкидлашди.
Бундан ташқари, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия каби Евроиттифоқнинг 20 дан ортиқ давлатлари ташқи ишлар вазирлари алоҳида баёнот билан чиқди. Улар Исроилдан Ғазога ёрдамни тўлиқ тиклашни ва БМТ ҳамда гуманитар ташкилотларга мустақил ва холис тарзда инсонларни қутқариш имкониятини беришни талаб қилган.
«Ёрдамнинг чекланган равишда қайта бошланиши ҳақида ишоралар бўлса-да, Исроил икки ойдан ортиқ вақт давомида Ғазога гуманитар ёрдам киришини тўсди. Озиқ-овқат, дори-дармон ва зарурий маҳсулотлар тугаган. Аҳоли очарчилик хавфи остида. Ғазо халқи уларга ниҳоятда зарур бўлган ёрдамни олишга ҳақли», дейилади баёнотда.
Исроил бош вазири Нетаняҳу Ғарб раҳбарларининг танқидига қаттиқ жавоб берди: «Лондон, Оттава ва Париждаги етакчилар Ғазода ҲАМАСга катта совға беришмоқда. Бу уруш бизнинг яшаб қолишимиз учун олиб борилмоқда. ҲАМАС йўқ қилинмасдан, ҳеч қандай тинчлик бўлмайди. Уруш эртага якунланиши мумкин — агар гаровдагилар озод қилинса, ҲАМАС қуролини топширса, раҳбарлари сургун қилинса ва Ғазо ҳарбийлаштирилмаган зона бўлса», деган Нетаняҳу.
Исроил март ойида сулҳни бузиб ҳаво ҳужумларини бошлаган бўлса, куни кеча Ғазони тўлиқ эгаллаш бўйича ер устида янги операция бошлаганини маълум қилди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён умумий қурбонлар сони 53,486 нафарга етган.
Россияга киришда QR-код талаб қилинади
Визасиз тартибда Россияга борадиган чет эл фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам чегарада QR-код кўрсатишлари керак бўлади. Тартиб жорий йил 30 июнидан амалда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими хабар берди.
QR-код «Госуслуги RuID» мобил иловаси орқали олинади. Бунинг учун иловада рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет яратиш, сўнг фотосурат ва шахсий маълумотлар юклаб, Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш лозим.
QR-код учун ариза сафардан камида 72 соат олдин берилиши шарт. Агар Россияга бориш зарурати тўсатдан (масалан, оғир касаллик ёки яқин қариндош вафоти) пайдо бўлса, аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин.
Бундай рўйхатдан ўтишдан Беларус фуқаролари, 6 ёшгача болалар, шунингдек, виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномасига эга шахслар озод этилади. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари топширади — уларда ҳам шахсий рўйхатдан ўтиш коди бўлиши шарт.
Telegram асосчиси Руминияда цензура жорий этишдан бош тортди
Telegram асосчиси Павел Дуров Ғарбий Европа давлатларидан бирининг президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтган Руминияда «консерватив овозларни ўчириш» ҳақидаги илтимосини рад этганини айтди.
«Ғарбий Европа ҳукумати (ўйлаб кўринг, қайси бири) бугунги президентлик сайловлари олдидан Руминиядаги консерватив овозларни ўчиришни Telegramʼдан сўради. Мен қатъиян рад этдим. Telegram руминиялик фойдаланувчиларнинг эркинликларини чекламайди ва уларнинг сиёсий каналларини блокламайди», — деб ёзди мессенжер яратувчиси ўзининг Telegram-каналида.
Дуров қайси ҳукумат ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади, бироқ «ўйлаб кўринг, қайси бири» сўзларини багет шаклидаги эмодзи билан тасвирлади, буни Францияга ишора сифатида талқин қилиш мумкин. Кейинчалик тадбиркорнинг айтишича, шу йилнинг баҳорида у Франция Ташқи разведка бош бошқармаси бошлиғи Николя Лернернинг «сайловлар олдидан Руминияда консерватив овозларни тақиқлаш» ҳақидаги илтимосини рад этган.
«Демократияни йўқ қилиш орқали «демократияни ҳимоя қилиш» мумкин эмас. Сайловларга аралашиш орқали «сайлов аралашувига қарши» кураша олмайсиз. Сизда сўз эркинлиги ва адолатли сайловлар ёки бор, ёки йўқ. Руминия халқи эса иккаласига ҳам муносиб», — дея таъкидлади у.
Мавзуга оид

13:21 / 19.05.2025
Исроилнинг Ғазодаги янги операцияси, дронлар ҳужумига зўр берган Россия ва Ҳамаснинг ўлдирилган навбатдаги қўмондони – кун дайжести

15:00 / 17.05.2025
Ғазоликларни Ливияга кўчириш режаси, Россия–Украина музокаралари ва Тартус портини БААга топширган Сурия – кун дайжести

14:29 / 16.05.2025
AI марказига айланмоқчи бўлган БАА, Путиндан хафа бўлмаган Трамп ва Ғазо бўйича режа – кун дайжести

13:58 / 15.05.2025