Ўзбекистонда гўшт нархи ошишига қайси омиллар таъсир қиляпти?
Марказий банкка кўра, қўшни давлатлардаги чекловлар ва импорт нархларининг ошиши Ўзбекистонда гўшт қимматлашишига таъсир ўтказган. Хусусан, 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида 1 кг импорт қорамол гўштининг ўртача баҳоси 4,07 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 3,89 долларга тенг бўлган. Шунингдек, охирги 7 ойда ем-озуқа нархлари ҳам кескин ошиб кетган.

Фото: Getty images
Ўзбекистонда гўшт нархларининг ошишига қўшни давлатлардаги экспорт чекловлари ҳам таъсир қилган. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсати шарҳи»да келтириб ўтилган.
«Қўшни мамлакатлардаги гўшт экспортига қўйилган чекловлар натижасида гўшт таклифи камайиши, шунингдек, импорт нархлари ошгани ички нархлар ҳам ўзгаришига сабаб бўлди. Март ойида гўшт маҳсулотлари нархи 6,1 фоизга ўсиб, йиллик ҳисобда 21,6 фоизга етди», дейилади МБ шарҳида.
Ўзбекистонга гўшт импорти
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистонга 197 млн долларлик гўшт маҳсулоти импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (118,5 млн доллар) 66 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида Ўзбекистонга 156,2 млн долларлик 38,3 минг тонна қорамол гўшти олиб кирилган. Бунда 1 кг гўштнинг ўртача баҳоси 4,07 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 3,89 долларга тенг бўлган.
Озуқа нархи ҳам кескин қимматлашган
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2025 йилнинг I чорагида гўшт нархининг ошишига таъсир қилган омиллардан бири сифатида ем-озуқа, электр энергияси ва ёқилғи–мойлаш материаллари ҳам қимматлашганини келтириб ўтганди.
«Чорвачиликда гўшт етиштириш учун кучли озуқага бўлган талаб юқорилиги, озуқа етиштириш учун ер майдонлари етишмаслиги туфайли чорва молларининг озуқа билан таъминланиш даражасининг 35-40 фоизини ташкил этмоқда. 2024 йил октябр ойидаги нархлар билан солиштирилганда, бугунги кунда шрот нархи 3 минг сўмдан 7 минг сўмга, шелуха 2 800 сўмдан 4 минг сўмга, омухта ем 2 900 сўмдан 3 700 сўмга, буғдой 2 200 минг сўмдан 3 500 минг сўмга, маккажўхори силоси 500 сўмдан 900-1 000 сўмга, сомон 15 минг сўмдан 25 минг сўмга, беда эса 25 минг сўмдан 45 минг сўмга ошган. Озуқа харажатлари, меҳнатга ҳақ тўлаш ва электр энергияси харажатларининг ошиши ҳам гўшт таннархига бевосита таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш зарур», дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳида.
Охирги етти ой ичида шрот нархи 2,3 баробарга, шелуха 43 фоизга, омухта ем 28 фоизга, буғдой 59 фоизга, маккажўхори силоси қарийб 2 баробарга, сомон 67 фоизга, беда эса 80 фоизга қимматлашган.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 2,9 млн тонна гўшт (тирик вазнда) етиштирилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3,9 фоизга кўп. Ўз навбатида гўшт етиштириш 2023 йилда 2,8 млн тоннани, 2022 йилда эса 2,7 млн тоннани ташкил этган. Яъни аҳоли истеъмол қиладиган гўштнинг асосий қисми мамлакат ичкарисида етиштирилади.
Мавзуга оид

12:15 / 10.05.2025
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гўшт нархининг ошишига сабаб бўлган омилларни маълум қилди

21:22 / 05.05.2025
“Қозонда 1 грамм гўшт йўқ” — Самарқанддаги давлат боғчасида болаларга гўштсиз овқат берилмоқда

20:59 / 29.04.2025
Ўзбекистонда гўшт етиштириш ошгани қайд этилди

20:36 / 15.04.2025