Ўзбекистон | 17:54
7935
8 дақиқада ўқилади

Утилизация йиғими: бизда 3500 доллар, бошқаларда-чи?

​​​​​​​Агар Ўзбекистонга электромобил олиб кирмоқчи бўлсангиз, фақат утилизациянинг ўзи учун 45 млн сўм тўлашингиз керак. Kun.uz бу борада бошқа мамлакатлардаги вазиятни ўрганди. Маълум бўлишича, қўшни давлатлар: Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда электромобиллар учун бундай йиғим йўқ.

2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими кескин оширилди. Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 баробаридан 120 баробарига ёки 45 миллион сўмгача кўтарилди. Агар электромобил ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган бўлса, йиғим БҲМнинг 210 баробари ёки 78,75 миллион сўмни ташкил қилади. Янги тартиб электромобил нархларини ошириб, уларни харидорлар учун янада қимматлаштирди.

Kun.uz утилизация йиғими борасида хориж тажрибасини ўрганди.

Марказий Осиё мамлакатлари

Қозоғистонда ҳам импорт машиналар учун утилизация йиғими бор, лекин бу тўлов фақат бензинли ва гибрид автомобиллардан олинади. Ҳукумат электромобилларни оммавийлаштириш учун улардан утилизация йиғими ундирмайди.

Қирғизистонга ҳам Хитойдан арзон электромобиллар олиб кириш кўпайгани ортидан уларнинг импортига утилизация йиғими жорий қилиш масаласи кун тартибига олиб чиқилганди. Хусусан, 2024 йилнинг феврал ойида иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекова “2025 йилда Қирғизистонда электромобиллар учун утилизация йиғими жорий этилади”, деган баёнот билан чиқди. Ҳозирча бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Демак, қирғизистонликлар ҳам электромобил импорт қилиш учун утилйиғим тўламайди.

Тожикистон ҳукумати эса экологик тоза транспортга ўтишни Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг кўп қўллаб-қувватлаяпти. Мамлакатда электромобиллар олиб кириш учун ҳеч қандай утилизация йиғими йўқ. Аксинча, 2022 йилдан бошлаб импорт учун божхона божи бекор қилинган бўлса, 2025 йилнинг май ойидан ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган янги электромобиллар ҚҚС ва акциз солиғидан ҳам озод қилинди. Расмий Душанбе 2030 йилга бориб мамлакат транспорт паркининг 30 фоизини электрга ўтказишни режалаштиряпти.

Туркманистонда ҳам расмий равишда автомобил импортига алоҳида утилизация тўлови йўқ. Аммо машина олиб киришга қатъий чекловлар киритилган. Жисмоний шахслар четдан тўғридан тўғри автомобил олиб кириши деярли имконсиз, фақат давлат рухсати билан муайян тоифадаги транспорт воситаларигина келтирилади.

МДҲ мамлакатлари

Россия – МДҲда утилизация йиғимини биринчилардан бўлиб жорий этган ва тўлови энг қиммат мамлакат. РФ Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгандан кейин божхона тўловларини пасайтиришга мажбур бўлди, аммо ички бозорни ҳимоя қилиш асносида “экологик солиқ”нинг юқори ставкаларини ўрнатди. Бу импортни қимматлаштириш орқали маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш воситасига айлантирилган десак ҳам бўлади.

2025 йил 1 январдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобилни Россияга олиб кириш учун утилизация тўлови нархи 667 минг 400 рублгача (8200 доллар), 3 ёшдан катта электрокарлар учун эса 1 млн 174 минг рублгача (14 800 доллар) оширилди.

Аммо бу ерда муҳим жиҳат бор. Юқоридаги қиммат ставкалар фақат юридик шахслар томонидан олиб кириладиган ёки ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларига тааллуқли. Шартли Алексей шахсий эҳтиёжи учун Хитойдан электромобил олиб келмоқчи бўлса, у янги машина учун атиги 3400 рубл (42 доллар) тўлайди. Фақат битта шарти бор: Алексей 1 календар йили давомида имтиёзли нархда бошқа машина олиб кира олмайди, шунингдек, имтиёзли олиб кирган машинасини 12 ой ичида бошқага сота олмайди.

Ўзбекистон билан таққослайдиган бўлсак, 45 млн сўмлик тўловни шартли Эшмат ҳам, “Eshmat Auto” МЧЖ ҳам бир хил миқдорда тўлайди, жисмоний шахсларга ҳеч қандай енгиллик ва имтиёз берилмаган.

Беларусдаги ставкалар ҳам Россияники билан деярли бир хил. Бу бевосита Москванинг таъсири билан боғлиқ: божхона иттифоқи сабаб россияликлар учун машиналарни Минск орқали импорт қилиш арзонроқ бўлган, шу туфайли утилизация тўлови миқдори икки давлатда қисман мувофиқлаштирилган.

Айни пайтда Беларусга электромобил олиб кирмоқчи бўлганлар импорт учун ҚҚС ва божхона божидан озод этилган. Утилизация тўлови эса жисмоний шахслар учун машинанинг янги ёки эскилигига қараб 166 доллардан 250 долларгача. Юридик шахслар учун эса Россиядаги ставкаларга тенглаштирилган.

Арманистонда утилизация йиғими жорий этилмаган. Шунингдек, электромобилларни бож ва ҚҚС тўламасдан импорт қилиш мумкин. Фақат чекланган квота мавжуд. Бу миқдор 2025 йил учун 8000 дона этиб белгиланган. Ўз навбатида, арманистонликларга ҳам импорт қилган машиналарини Россия фуқароларига сотмаслик талаби қўйилган.

Озарбойжон ҳам 2019 йилда экологик тоза машиналар импорти учун божхона божи ва акциз солиғини бекор қилган, фақат ҚҚС тўлаш керак бўлади. Мамлакатда 2022 йилда электрокарлар учун утилизация йиғимини жорий қилиш масаласи муҳокама қилинган бўлса-да, бу амалиётга татбиқ этилмади.

Европа Иттифоқи тажрибаси

Европа Иттифоқида автоулов чиқиндиларини йўқ қилиш билан боғлиқ барча масалалар 2000 йил 18 сентябрда қабул қилинган директива билан тартибга солинади. Унга кўра, эски автомобилларни йиғиш пунктлари тармоғини яратиш масъулияти бевосита автомобил ишлаб чиқарувчилар ва йирик импортёрлар зиммасига тушади. Ҳеч қандай махсус давлат тўловлари йўқ. Кимдир Германиядан Францияга янги ёки маълум муддат фойдаланилган автомобил олиб кирмоқчи бўлса, ҳеч қандай тўловни амалга оширмайди.

Евроиттифоқнинг бир қатор давлатлари қонунчилигида йирик ишлаб чиқарувчилар ва импортёрларнинг мажбуриятлари мамлакатга автотранспорт воситаларини олиб кирувчи жисмоний шахсларга тааллуқли эмаслиги аниқ қайд этилган. Аксинча, Европада аксар давлатлар электромобиллар импортига қўшимча солиқ жорий этишни эмас, балки уларнинг харидига турли имтиёзлар бериб оммавийлаштиришни қўллаб-қувватлаб келяпти.

Осиёнинг ривожланган давлатлари

Ўзбекистонда бўлгани каби, Японияда ҳам автомобиллар утилизацияси учун тўлов бор ва у олдиндан ундирилади. Лекин тўлов миқдори анча арзон: 6000–18000 иена (41-123 доллар) оралиғида. Пул махсус жамғармага тушиб, автомобилнинг келажакдаги утилизация жараёнини молиялаштириш учун сақланади. Машина яроқсиз ҳолга келганда эгаси уни утилизация марказига топширади, марказ ўз навбатида автомобил ишлаб чиқарувчисидан ёки жамғармадан маблағ олади ва машинани қайта ишлайди.

Яъни Японияда йиғилган пул мақсадли жамғарма орқали фақат утилизация харажатларига йўналтирилади ва жараён шаффоф назорат қилинади. Ўзбекистонда эса утилизация учун йиғилган пулларнинг сарфи номаълум ва умуман бошқа мақсадларда ишлатилаётган бўлиши мумкин.

Жанубий Кореяда ҳам Европадаги каби ишлаб чиқарувчилар жавобгарлиги тамойилига амал қилинади. Харидорлардан утилизация учун алоҳида тўлов ундирилмайди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, кўплаб давлатларда электромобиллар импорти рағбатлантирилаётган пайтда Ўзбекистонда уларни олиб киришга сунъий тўсиқлик яратиляпти. Мамлакатда ҳалигача электромобил аккумуляторларини қайта ишлаш инфратузилмаси мавжуд эмас. Бундан келиб чиқадики, йиғимни жорий этиш ҳақиқий экологик чоралар билан асосланмаган ва кўпроқ импортни чеклашга қаратилган протекционистик ҳаракатга ўхшайди.

Ҳукумат қарорида 2 ой муддатда утилизация йиғимларидан самарали фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилиши белгиланганди. Ҳозирча бу борада янгилик бўлганича йўқ.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид