Жаҳон | 14:34
716
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Британия мудофаа ва савдо ҳамкорлигини тиклайди

Европа Иттифоқи ва Буюк Британия "Брекзит"дан кейин биринчи марта бир қатор соҳаларда, биринчи навбатда, мудофаа ва савдо соҳасида муносабатларни чуқурлаштиришга келишиб олди. Бу таҳдидлар олдида бирлик белгисидир.

Фото: Carl Court via REUTERS

Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиққани ("Брекзит")дан беш йил ўтиб, Лондон ва Брюссел бир қатор соҳаларда икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришга келишиб олди. 19 май, душанба куни Лондондаги саммит иштирокчилари хавфсизлик ва мудофаа, шунингдек, савдо, балиқчилик ва ёшларнинг ҳаракатчанлиги бўйича бир қанча келишувларни имзолади, дея хабар беради Британия ҳукумати.

Хавфсизлик ва савдо Буюк Британия-Европа Иттифоқини қайта тиклашнинг асосий соҳалари бўлади. Хавфсизлик ва мудофаа пакти Буюк Британия мудофаа саноатига Европа Иттифоқининг 150 миллиард евролик Security Action for Europe (SAFE) мудофаа жамғармаси орқали қўшма харидларда иштирок этиш имконини беради, Европа давлатлари 19 майда уни яратишга принципиал жиҳатдан рози бўлган.

Бу BAE Systems, Rolls Royce ва Babcock каби Британия компанияларига SAFE дастурида иштирок этиш имконини беради. Бундан ташқари, мудофаа пакти киберхавфсизликни, муҳим инфратузилманинг барқарорлигини, денгиз хавфсизлигини ва гибрид урушларга қарши курашни кучайтириш чораларига тегишли.

Бундан ташқари, томонлар Буюк Британиянинг ягона Европа электр энергияси бозорига самарали қайтиши ва бу соҳада Европа Иттифоқи стандартларига амал қилишига келишиб олдилар. Лондон, шунингдек, 2026 йилгача амалда бўлган балиқчилик шартномаси муддати тугаганидан кейин яна 12 йил давомида Европа Иттифоқи балиқчилари учун ҳудудий сувларини очишга ваъда берди. Бунинг эвазига Европа Иттифоқи Британия озиқ-овқат маҳсулотлари импортидаги бюрократик тўсиқларни чексиз муддатга юмшатишга ваъда берди.

Ёшлар ҳаракатчанлиги соҳасида томонлар кейинги муҳокамалар мавзуси бўладиган ягона формула бўйича келишиб олдилар.

Мавзуга оид