Жаҳон | 23:07 / 21.05.2025
1421
2 дақиқада ўқилади

Исроил суди ҳукуматнинг ШАБАК раҳбарини лавозимдан олиш қарорини ноқонуний деб топди

Мамлакат Олий судига кўра, ШАБАК раҳбари Ронен Барнинг истеъфосига оид қарор «асоссиз» ва расмий эшитувлар ўтказилмасдан қабул қилинган.

Фото: Reuters

Исроил Олий суди мамлакат ҳукуматининг Бош хавфсизлик хизмати (ШАБАК) раҳбари Ронен Барнинг лавозимдан олинишини «ноқонуний» деб топди.

Суднинг фикрича, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ронен Барни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорига манфаатлар тўқнашуви таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Чунки ШАБАК «Катергейт» номли иш — Нетаняҳуининг яқин маслаҳатчиларига нисбатан антикоррупция тергови билан шуғулланган.

Олий суднинг маълум қилишича, Ронен Барнинг истеъфосига оид қарор «асоссиз» ва расмий эшитувлар ўтказилмасдан қабул қилинган.

16 март куни Бинямин Нетаняҳу Барни лавозимдан олмоқчи эканини эълон қилди, Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарорни қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг, Олий суд унинг ишдан бўшатилишга қарши петицияни кўриб чиқди ва бош вазир қарорини вақтинча блоклади. Барнинг ўзи истеъфосига «Катаргейт» сабаб бўлганини билдирган. Аммо 28 апрел куни Ронен Барнинг ўзи истеъфо берди. Суднинг 21 май кунги баёнотида келтирилишича, дастлабки истеъфога чиқариш қарори ноқонуний деб топилган бўлсада, юқоридаги сабаб туфайли ҳеч қандай чора кўрмайди.

«ШАБАК» Исроилда ички хавфсизликни таъминлайди ва контрразведка билан шуғулланади. Ронер Бар «ШАБАК»нинг ҳукумат лавозимдан олишга уринган биринчи раҳбари ҳисобланарди.

Ушбу ташкилот 2023 йилда Исроилга уюштирилган ҳужумдан кейин танқидларга учраган эди. Махсус хизмат фаолиятига оид ҳисоботда қайд этилишича, «ШАБАК» ҳужумга тайёргарлик кўрилаётгани бўйича сигналлар олган, аммо бунга қарши жиддий чоралар кўрмаган.

Мавзуга оид