Жаҳон | 21:49 / 21.05.2025
1029
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект дунёдаги ҳар тўртинчи иш ўрнига таъсир кўрсатмоқда — БМТ

Сунъий интеллект технологияларининг энг катта таъсири офис ишларига тўғри келади, чунки генератив СИ кўплаб вазифаларни автоматлаштириш қобилиятига эга.

Фото: UN Photo

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Полша Миллий тадқиқот институти томонидан ўтказилган янги қўшма тадқиқотга кўра, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг энг катта эҳтимолий натижаси — инсонни компьютер билан тўлиқ алмаштириш эмас, балки меҳнат жараёнининг трансформацияланиши бўлади. Бу ҳақда БМТ хабар берди.

«Биз назарий чегаралардан чиқиб, реал иш ўринлари ҳақидаги маълумотларга асосланган амалий восита яратдик. Инсон тажрибаси, экспертлар таҳлили ва генератив сунъий интеллект моделлари уйғунлигида биз мамлакатларга хавфларни баҳолаш ва юз бераётган ўзгаришларга самарали жавоб беришда ёрдам берадиган услубни ишлаб чиқдик», — дейди ХМТнинг етакчи тадқиқотчиси Павел Гмирек.

Ҳисоботга мувофиқ, иш ўринларини генератив сунъий интеллект таъсири даражасига кўра гуруҳлаш мумкин.

Қайд этилишича, сунъий интеллект меҳнат бозорида эркаклар ва аёлларга турлича таъсир кўрсатади. Дунёдаги иш ўринларининг қарийб 25 фоизи потенциал равишда сунъий интеллект таъсирига учрайди, ривожланган давлатларда ушбу кўрсаткич 34 фоизга тенг. Шу билан бирга, сунъий интеллект аёллар фаолиятига таъсир кўрсатиш эҳтимоллиги юқори.

Ривожланган мамлакатларда автоматлаштириш хавфи энг юқори бўлган иш ўринлари аёллар бандлигининг 9,6 фоизини ташкил этади — бу кўрсаткич эркаклар орасида атиги 3,5 фоизни ташкил қилади.

Ҳисоботга кўра, сунъий интеллект технологияларининг энг катта таъсири офис ишларига тўғри келади, чунки генератив сунъий интеллект кўплаб вазифаларни автоматлаштириш қобилиятига эга. Бироқ сунъий интеллект имкониятларининг кенгайиб бориши ОАВ, дастурий таъминот ва молия соҳаларига оид когнитив касбларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича, тўлиқ автоматлаштирилиши мумкин бўлган касблар доираси ҳали ҳам чекланган, чунки кўплаб вазифалар ҳанузгача инсон иштирокини талаб этади.

Мутахассислар ҳукуматлар, касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотларни ижтимоий мулоқотда фаол иштирок этишга ҳамда иш унумдорлигини, меҳнат сифати ва иш ўринларини сақлаб қолишни таъминлайдиган инклюзив стратегияларни ишлаб чиқишга чақирмоқда.

Мавзуга оид