“Табиий, инновацион, трансформатив” – японлар ўзбек павилионига қандай таъриф бермоқда?
Kun.uz “Expo 2025 Osaka”да тақдим этилган ўзбек миллий павилионига бориб, унга ташриф буюрувчиларнинг фикри билан қизиқди. Павилион ходимларига кўра, кунига камида 6-7 гуруҳ одамлар томоша қилгани келмоқда ва ҳар бир гуруҳда 40-45 киши бўлади. “Баланд-баланд устунлар дарҳол эътиборимизни тортяпти”, дейди японлар.

“Expo 2025 Osaka”даги Ўзбекистон павилиони “Билимлар боғи: келажак жамияти лабораторияси” номи остида тақдим этилди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бу павилионни лойиҳалаштириш учун машҳур немис компанияси “Atelier Bruckner”ни танлади. Кўргазма учун турли япон боғларидан 250 дан ортиқ устунлар олиб келинган ва “Билимлар боғи” яратилган.
Павилионга киравериш қавати – ер остини англатади ва тупроқ, сувни гавдалантирувчи иллюзиялар билан ишланган. Бу галги кўргазмада Ўзбекистон нафақат тарихи, балки бугун ҳамда келажак режаларини ҳам кўрсатишга уринди. Масалан, экологик омиллар, энергетик муаммоларни бартараф қилиш учун яшил ечимлар макетлари, сунъий идрок ва рақамлаштиришни англатувчи схемалар павилиондан ўрин олган. “Афросиёб” поезди ҳаракатланаётгани орқали ўзбек далалари, табиати рақамли тарзда кўрсатилади.
Кўргазманинг энг қизиқ қисми 360 даражали мултимедиа саёҳатидир. 3 дақиқадан сал кўпроқ вақт ичида видео ва овозли манзаралар меҳмонларга Ўзбекистонни тасвирлаши, кўргазмадаги кейинги босқич “Билимлар боғи”га чиқишга тайёрлаши лозим. Инновацион дизайндаги ушбу ҳаракатланувчи платформа сабаб ҳам ўзбек миллий павилиони бутун кўргазмада энг ноёбларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ташриф буюрувчилар “Билимлар боғи” томи очиқ айвонига кўтарилар экан, Хивадаги тарихий Жума масжидига ўхшатиб қурилган ўрмонга чиққандек бўлишади. Бу ердаги 250 дан ортиқ устунлар эса қурилишида ишлатилган ёғочнинг келиб чиқиши қайси япон боғига бориб тақалишини кузатиш имконини берувчи яқин масофа алоқаси (NFC) белгилари билан жиҳозланган.
Kun.uz павилионга ташриф буюрганлар фикрини ўрганаркан, кўпчилик бу кўргазмага “табиий”, “ажойиб”, “инновацион”, “трансформатив”, “келажак табиати” деган бир-бирига яқин таърифларни берди. Ўзбек миллий павилиони асосий кириш қисмдан унча узоқ бўлмагани учун тез ташриф буюрувчилар эътиборига тушмоқда.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид

17:12 / 20.05.2025
“Токиодаги ўзбекларнинг ўғрилиги Ўзбекистон имижига минус” – Япониядаги элчи билан суҳбат

11:21 / 16.05.2025
Токиода Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси қўлга олинди

18:09 / 04.05.2025
Японияда 15 ёшгача бўлган болалар сони кескин қисқариб кетди

22:33 / 28.04.2025