Украинанинг Суми областидаги полигонига зарба берилди
Қурбонлар бор, тергов ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳодиса украин сиёсатчилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кескин реакция келтириб чиқарди.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги
Украина Миллий гвардияси Суми областидаги машғулот лагерига россияликлар томонидан берилган зарба оқибатида олти ҳарбий ҳалок бўлгани, 10 дан ортиқ аскар яраланганини маълум қилди. Бир кун аввал Россия мудофаа вазирлиги навбатдаги ракета ҳужуми билан ўнлаб украин ҳарбийлари ўлдирилганини хабар қилганди.
Миллий гвардия зарба 20 май куни «ҳарбий қисмнинг ўқ отиш майдонида машғулотлар ўтказилаётган вақтда» берилганини тасдиқлади.
Россия Мудофаа вазирлиги бир кун олдин Суми областидаги Шостка аҳоли пункти яқинида «Украина қуролли кучлари махсус кучларининг 1-бригадаси тайёргарлик лагери аниқлангани», шундан сўнг «Искандер» ракета мажмуаси орқали зарба берилганини маълум қилганди.
Россия ҳарбийлари маълумотида зарба оқибатида ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани келтирилганди.
«Фожиа юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ҳарбий қисм командири лавозимидан четлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зарур маълумотлар тақдим этилди. Тергов доирасида тегишли қарор қабул қилган барча шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», – дейилади Украина Миллий гвардияси баёнотида.
Кремл хабарларига кўра, 20 май куни Курск областига ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин зарбага изоҳ берган.
«Интерфакс»нинг ёзишича, Путин билан учрашувда дрон оператори иштирок этган, у Суми областининг Шостка аҳоли пункти ҳудудида амалга оширилган разведка чоғида Украина қуролли кучларининг шахсий таркиби аниқлангани, шундан кейин бу жойга «Искандер» томонидан зарба берилганини маълум қилган.
«Чегара томон ҳаракатланишга уринишмоқда. Майли, бу алоҳида мавзу», – деган Путин.
Миллий гвардияга кўра, Украина ҳарбий қўмондонлиги олдинроқ ҳарбийлар гуруҳларига зарба берилиши оқибатида қурбонлар бўлишининг олдини олишга қаратилган қоидалар жорий этганди.
«Яна қанча одам ҳалок бўлиши керак?»
Суми областидаги фожиа украинлар орасида кескин реакция келтириб чиқарди, дея ёзади BBC Украина хизмати.
Украина Олий радаси депутати Олексий Гончаренко россиялик ҳарбийлар гўёки Украина қуролли кучлари лагерида кузатув олиб борганини айтган. Депутатнинг сўзларига кўра, ҳудуд устида узоқ вақт давомида дрон ҳаракатланган, айнан ушбу қурилма нишонни белгилаб, зарбани йўналтиргани тахмин қилинмоқда.
Гончаренко рўй берган ҳодисани «аслида фронт чизиғида ҳарбийлар машғулотларини ўтказишга қарор қилганларнинг жинояти» деб атаган. «Бундай ҳолат биринчи ва иккинчи марта содир бўлаётгани йўқ. Ва ҳалигача ҳеч ким жавобгарликка тортилмади», – дейди Гончаренко.
Вазият ҳақида украиналик фаол ва кўнгилли Сергей Стерненко шундай ёзади: «Суми области. Россия Федерацияси чегарасигача 50 километрдан камроқ масофа. Ва яна шахсий таркибнинг тўпланиши/душман разведка дронлари мунтазам равишда учиб юрадиган фронт яқинидаги зонада сафланиш».
Украина ҳарбийларига нисбатан кескин баёнотлари билан танилган Рада депутати Маряна Безуглая Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийни ишдан бўшатишга чақирди.
«Яна қанча одам ҳалок бўлиши керак? Яна қанча аҳмоқона буйруқ берилиши керак? Сирскийни ишдан бўшатиш учун яна қанча такаббурлик ва ўлим, такаббурлик ва ўлим, такаббурлик ва ўлим керак, Володимир Александрович?» – дея Украина президентига мурожаат қилади Безуглая шу кунларда истеъфо берган 47-бригада қўмондони Олександр Ширшиннинг сўзларини келтириб.
«Россия чегарасидан 45 километр. Кимдир у ерда полигон ташкил этиш ва бир вақтнинг ўзида юзлаб янги аскарларни тайёрлашни ўйлаб топди. Шу билан бирга, 2013 йилдаги каби осмонни назорат қилиш учун шароит йўқ», – дея ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг изоҳидан иқтибос келтиради BBC Украина хизмати.
Аммо ТСН телеканали мухбири Юлия Кириенко-Меринова Шосткадаги полигонда баллистик ракета зарбаси вақтида қўмондонлик шахсий таркибни сафламаганини ёзган. Унинг маълумотига кўра, бу фронт чизиғига яқин жойлашган ҳар бир ҳарбий қисмда мавжуд бўлган ўқ отиш полигонидир.
«Ҳарбий қисм командири душманнинг разведка дронини эътиборсиз қолдиргани учун лавозимдан четлатилган. Тергов ишлари олиб борилади», — дея хабар берган у Украина миллий гвардияси қўмондони Олександр Пивненкога ҳавола бериб.
Олдинги зарбалар
Март ойи бошида Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари Днипропетровск областида, фронт чизиғидан 100 километр узоқликда жойлашган Новомосковский полигонига Россия томонидан баллистик ракета билан берилган зарба натижасида украиналик ҳарбийлар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Қурбонлар ва ярадорларнинг аниқ сони айтилмаган.
Худди шу каби фожиа Украина қуролли кучларининг 128-бригадаси билан ҳам содир бўлган, у ерда сафланиш пайтида ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлган.
2023 йил 3 ноябр куни Запорижжядаги фронт чизиғи яқинидаги қишлоқда россияликлар тўпланиб турган ҳарбийларга зарба беради. Ўшанда ОАВ ижтимоий тармоқлардаги постларга таяниб, жангчилар мукофотларни топшириш учун сафга тизилгани ҳақида ёзган эди.
Ўшанда Россия ракетаси зарбаси оқибатида 128-бригаданинг 19 нафар ҳарбийси ва яна икки нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганди. Бригада командири Дмитро Лисюк кейинчалик четлатилганди.
Мавзуга оид

00:45
«АҚШ билан савдо низоларини тезроқ ҳал қилишимиз керак» — G7 йиғилишидаги сўнгги маълумотлар

21:37 / 21.05.2025
Испанияда Януковичнинг сафдоши отиб кетилди

21:02 / 21.05.2025
Трамп иттифоқчиларга Россия ғалаба қозонишига ишончи комиллигини айтди – ОАВ

15:36 / 21.05.2025