Ўзбекистон | 20:08 / 22.05.2025
686
2 дақиқада ўқилади

Иссиқлик таъминоти объектларини қуришга 500 млрд сўм ажратилди

Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029 йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқларини янгилаш режа қилинган.

2025 йилги инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш учун 500 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда «Иссиқликтаъминоти» АЖ раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Қайд қилинишича, «Иссиқликтаъминоти» АЖ устав капиталидаги 23 та иссиқлик корхоналарини МЧЖ шаклида қайта ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Марказлашган иссиқлик таъминотини модернизация қилиш ва ривожлантириш йўналишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва «Иссиқликтаъминоти» АЖ билан биргаликда:

– кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8681 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш (2025 йилда 480 та) орқали марказлашган иссиқлик таъминотини «ёпиқ тизим»га ўтказиш;

– Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029 йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқларини, шу жумладан, 2025-2026 йилларда 18 та қозонхона ва 258 км иссиқлик тармоқларини янгилаш режа қилинган.

Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тизимини «ёпиқ» тизимга ўтказиш учун қўшимча 50 млрд сўм маблағ ажратилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 83 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1850 та кўп қаватли уй ва 418 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.

Халқаро молия институтлари иштирокида 13 та янги истиқболли лойиҳа, жами қуввати 294 МВт бўлган 10 та қозонхона ва 617 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 2285 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Давлат бюджетидан 10 млрд сўм маблағ ажратилди.

Мавзуга оид