Жаҳон | 13:49
5765
9 дақиқада ўқилади

Исроилни огоҳлантирган Эрон, Ғазога келган ёрдам ва Путиндан Сумини босиб олишни сўраган амалдор – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Вашингтонда Исроил элчихонасининг икки ходими отиб кетилди

21 май куни кечки вақтда Исроил элчихонасининг икки ходими Вашингтон марказидаги Яҳудийлар музейи яқинида отиб кетилди. Ҳужумда гумонланаётган шахс қўлга олинган.

Исроил элчихонаси ходимини отиб ўлдиришда айбланаётган шахс – 31 ёшли Элиас Родригес – пайшанба куни биринчи даражали қасддан одам ўлдириш ва бошқа жиноятларда айбланиб, федерал судга жалб этилди. ФҚБ судга тақдим этган баёнотда айтилишича, у ҳибсга олинаётганда «Мен буни Фаластин учун қилдим, Ғазо учун қилдим», деган.

Қурбонлар: исроиллик 30 ёшли Ярон Лишинский элчихона ходими бўлган, 26 ёшли америкалик Сара Милгрим ҳам Исроил элчихонасида ишлаган.

АҚШнинг Вашингтондаги вақтинчалик федерал прокурори Жанин Пирронинг айтишича, воқеа терроризм сифатида ўрганилмоқда. Терговчилар – олий маълумотга эга, тиббиёт ташкилотида ишлаган ва ижтимоий фаоллиги билан танилган гумонланувчининг нима учун пойтахтга хизмат сафари билан келиб, бу ишга қўл урганини аниқлашга уринмоқда. Суддаги дастлабки эшитувда Родригес айбига иқрор бўлмади.

Исроил расмийлари воқеани Ғазодаги уруш фонида кучайган антисемитизм оқибати сифатида баҳолади. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу АҚШ Президенти Трамп билан телефон орқали гаплашиб, антисемитизмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.

Ғазодаги уруш давомида АҚШда ҳам, бутун дунёда ҳам Фаластинни қўллаб, намойишлар сони ортиб бормоқда.

Суми областини босиб олиш сўрови ва буфер зоналар

Россиянинг Курск области Глушково райони раҳбари Павел Золотарев мамлакат президенти Владимир Путин билан учрашувда уни Украинанинг Суми областини босиб олишга чақирди. ТАСС давлат агентлиги хабарига кўра, бу Путин ва Курск областидаги муниципалитетлар раҳбарларининг учрашувида содир бўлди. Украина кучларини чегарадан неча километр узоқлаштириш кераклиги ҳақида гапирган Золотарев шундай деди: «Суми бизники бўлиши керак. Яриморолдагидек яшай олмаймиз. Биз кўп бўлишимиз керак. Ҳеч бўлмаганда Суми. Мен шундай деб ўйлайман».

«Шунинг учун улар Александр Евсеевични (Курск области губернатори вазифасини бажарувчи) сайлашди, у ҳам кўпроқ нарсани хоҳлайди», деб жавоб берган Путин.

Россия чегарасидан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган Суми шаҳри мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. DeepState лойиҳаларидан бирининг маълумотларига кўра, Суми областида Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган ҳудудлар йўқ. Россия армияси уни 2022 йил март ойида, Киевга ҳужум муваффақиятсизликка учраганидан кейин тарк этганди.

Бундан ташқари, Путин мамлакат қуролли кучлари ҳозир Россия-Украина чегарасида хавфсизлик буфер зонасини яратиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

«Чегара бўйлаб зарур хавфсизлик буфер зонасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинганини аллақачон айтгандим. Қуролли Кучларимиз ҳозир бу муаммони ҳал қилмоқда. Душманнинг ўқ отиш нуқталари фаол равишда бостирилмоқда, иш олиб борилмоқда», деган у.

Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган ўнлаб юк машиналари етиб келди

Урушдан вайрон бўлган Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами, жумладан, ун, болалар овқатлари ва тиббий жиҳозлар ортилган яна 100 та юк машинаси етиб келди. Бу ҳақда X ижтимоий тармоғида мамлакат Мудофаа вазирлиги таркибига кирувчи ва инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун масъул бўлган Исроилнинг COGAT ҳукумат ташкилоти ёзган.

«Барча ёрдам хавфсизлик синчковлик билан текширилгандан сўнг ўтказилди. Бу Исроил армияси расмийлари маслаҳати ва сиёсий раҳбарият кўрсатмасига мувофиқ амалга оширилди. Биз Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этамиз, бу ёрдам ҲАМАС ташкилоти қўлига тушмаслиги учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз», — дейилади постда. Худди шу манбага кўра, бир кун аввал Ғазо секторига худди шундай гуманитар ёрдам юкланган 93 юк машинаси етиб борган.

Гуманитар ёрдам Исроил, Миср ва Ғазо сектори чегаралари туташган жойда жойлашган Керем-Шалом назорат-ўтказиш пунктига етиб келди. Бу ерда гуманитар ходимлар уни кейинчалик маҳаллий аҳолига тарқатиш учун юк машиналарига ўтказишлари керак. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (World Food Programme, WFP) раҳбари Антуан Ренарнинг айтишича, 78 та юк машинаси «ўз вақтини кутмоқда».

Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, сўнгги 24 соат ичида минтақа касалхоналарига 107 нафар ҳалок бўлган ва 247 нафар жароҳатланган шахс олиб келинган. 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 53 762 кишига, жароҳатланганлар сони эса 122 197 кишига етган.

АҚШ яна Россиягача етиб борадиган ракетани синовдан ўтказди

АҚШ Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини режали синовдан ўтказди, деб хабар берди Калифорниядаги Ванденберг ҳаво кучлари базаси қўмондонлиги. Ракета Mark-21 HFDE бир дона жанговар каллак билан жиҳозланган. Жанговар каллак Тинч океанининг марказий қисмидаги Маршалл оролларидан Роналд Рейган баллистик ракетага қарши мудофаа полигонигача тахминан 6800 км масофани босиб ўтди.

«Ушбу синов парвози Америка Қўшма Штатларининг ядровий тўхтатувчиси хавфсиз ва 21-аср таҳдидларининг олдини олишда самарали бўлиб қолиши ҳамда иттифоқчиларимизга ишонч ҳосил қилишини кўрсатиш учун мўлжалланган тадбирларнинг бир қисмидир», дейилади баёнотда.

Minuteman III қаттиқ ёнилғидаги қитъалараро баллистик ракетаси 1970 йилдан бери АҚШ армиясида фойдаланишда. Унинг массаси тахминан 36 тонна, максимал парвоз масофаси 9500 километрдан, тезлиги эса соатига 24 минг километрдан ошади. Бу АҚШ стратегик ядровий кучлари таркибидаги ягона шахтада сақланадиган қитъалараро баллистик ракета ҳисобланади. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари веб-сайтига кўра, ҳозирда Қўшма Штатларда бу ракеталарнинг 400 таси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учтагача ядровий каллакни олиб юришга қодир.

Эрон: Исроил Эрон ҳудудига ҳужум қилса, у ҳалокатли ва қатъий жавоб олади

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, агар Исроил Эроннинг ядро иншоотларига ҳужум қилса, бунинг учун АҚШ жавобгар бўлишини айтди. Бу баёнот CNN телеканалининг Исроил эҳтимолий ҳужумларга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабари ортидан эълон қилинди. Унда АҚШ разведкаси Исроил Эроннинг ядро иншоотларига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани билдирилган эди. Исроил расмийлари, жумладан Бош вазир Бенямин Нетаняҳу, Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги учун ядро объектларига ҳужум қилиш таҳдиди билан чиққан, аммо ҳозирча ҳеч қандай тайёргарликни расман тан олмаган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида шундай ёзди:

«Эрон сионистик Исроил режимининг ҳар қандай таҳдиди ёки ноқонуний ҳаракатига қатъий жавоб қайтаради. Халқаро ҳамжамиятни Исроил таҳдидларининг давом этишининг олдини олиш учун самарали чоралар кўришга чақирдим. Акс ҳолда, Эрон ўз ядро иншоотлари ва материалларини ҳимоя қилиш учун махсус чоралар кўришга мажбур бўлади», дея Эрон бош дипломатининг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera нашри.

Унинг айтишича, агар Исроил ҳужум қилса, Вашингтон бу ҳаракатда «иштирокчи томон» сифатида қаралади.

«Эрон томонидан кўриладиган чора-тадбирларнинг табиати, мазмуни ва ҳажми ўз низомий мажбуриятларига биноан, олдини олувчи чораларига мос ва пропорционал бўлади», — деди Ароқчи.

Эрон Исломий инқилобий гвардия корпуси, бевосита Хоманаийга бўйсунувчи кучлар ҳам, агар Исроил Эрон ҳудудига ҳужум қилса, у ҳалокатли ва қатъий жавоб олишини айтган.

«Улар бизни уруш билан қўрқитмоқчи, лекин бу нотўғри ҳисоб-китоб. Чунки улар Эрон уруш шароитида сафарбар этиладиган кучли халқ ва ҳарбий қўллаб-қувватлашдан бехабар», — деган корпус сўзчиси Алимуҳаммад Найин.

Кейинроқ, Эрон давлат телеканалига интервью берган Ароқчи, агар АҚШнинг мақсади уран бойитишни тугатиш бўлса, унда ҳеч қандай ядро келишуви бўлмаслигини айтди.

23 май куни Эрон ва АҚШ бешинчи марта ядро музокараларини ўтказиши кутилмоқда. Вашингтон бу бойитиш Эронни ядровий бомба ясаш даражасига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда. Теҳрон эса доим бомба тайёрлаш нияти йўқлигини айтиб келади ва ядро дастурининг тинч мақсадларга хизмат қилишини таъкидлайди. АҚШ билан музокаралар якунига кўра, Эрон уран бойитишни тўхтатади ёки чеклайди, бунинг эвазига унга қарши иқтисодий санкциялар олиб ташланиши мумкин. Исроил эса бу каби ҳар қандай АҚШ-Эрон келишувига доимо қарши бўлиб келган.

Мавзуга оид