Жаҳон | 21:45 / 23.05.2025
1983
2 дақиқада ўқилади

Трамп Европа Иттифоқига 50 фоизлик божлар жорий этиш режасини эълон қилди

Оқ уй раҳбари Европа Иттифоқининг савдо сиёсати Қўшма Штатлар учун йилига 250 миллиард доллардан кўпроқ савдо дефицитига олиб келганини ва буни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарларга 50 фоизлик бож жорий этиш ниятида эканини маълум қилди. У тегишли хабарни Truth ижтимоий тармоғида жойлаштириб, Европа Иттифоқини АҚШга нисбатан адолатсиз савдо сиёсатида айблади.

«Савдо масалаларида Қўшма Штатлардан фойдаланишнинг асосий мақсади билан яратилган Европа Иттифоқи ўзини жуда мураккаб ҳамкор сифатида кўрсатди. Уларнинг йирик савдо тўсиқлари, қўшилган қиймат солиғи, кулгили корпоратив жарималар, тарифсиз тўсиқлар, валюта манипуляцияси, Америка компанияларига қарши адолатсиз даъволар Қўшма Штатлар учун йилига 250 миллиард доллардан кўпроқ савдо дефицитига олиб келди, буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Улар билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолди! Шунинг учун мен 2025 йилнинг 1 июнидан бошлаб Европа Иттифоқи маҳсулотларига 50 фоизлик тўғридан-тўғри тариф жорий этишни тавсия қиламан. Товар АҚШда ишлаб чиқарилган ёки йиғилган бўлса, бож олинмайди», дейилади баёнотда.

Европа Иттифоқи билан иттифоқдош бўлишига қарамай, Трамп бир неча бор Брюсселни адолатсиз савдо амалиётида ва Қўшма Штатларни иқтисодий эксплуатация қилишда айблаган. 2018 йилда унинг маъмурияти миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Европа Иттифоқидан пўлатга 25 фоиз ва алюминийга 10 фоиз бож жорий этди. Бунга жавобан Европа Иттифоқи Америка товарларига қарши жавоб чораларини киритди.

Трамп Европа автомобиллари, хусусан, немис автомобиллари Америка бозорини тўлдирганини даъво қилиб, уларга тарифлар билан таҳдид қилди. У, шунингдек, Европа Иттифоқини АҚШ экспортига халақит берадиган юқори ҚҚС, Америка IT гигантларига қарши монополияга қарши жарималар, Германиянинг гўё экспорт афзалликлари учун еврони заифлаштиришга қаратилган пул-кредит сиёсати ва ҳоказолар учун танқид қилган эди.

Мавзуга оид