Жаҳон | 17:21 / 26.05.2025
4038
2 дақиқада ўқилади

АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франция Украина учун қурол-яроғ турларига қўйилган чекловларни бекор қилди

Германия канцлери сўзларига кўра, энди Украина Россия ҳудудидаги ҳарбий позицияларга зарба бериш орқали ўзини ҳимоя қилиши мумкин.

Фото: Getty images

АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франция Украинага етказиладиган қурол-яроғнинг зарба бериш масофасига қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц WDR каналига берган интервьюсида маълум қилди.

«Украинага инглизлар, французлар, америкаликлар ва биз етказиб бераётган қурол-яроғларнинг зарба масофасига энди ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бу энди Украина Россия ҳудудидаги ҳарбий позицияларга зарба бериш орқали ўзини ҳимоя қилиши мумкинлигини англатади. Илгари, маълум бир нуқтага қадар буни қила олмас эди», деди Мерц.

Канцлер сўзларига кўра, энди Украинани шундай қуроллар билан таъминлаш зарур.

13 апрель куни Фридрих Мерц Европа ҳамкорлари билан келишилган ҳолда узоқ масофага зарба берувчи Taurus ракеталарини Киевга етказиш имкониятини эълон қилди. Европа расмийлари бу масалани 9 май куни Киевда 30 та давлатдан келган «кўнгиллилар коалицияси» етакчилари йиғилишида муҳокама қилиши кутилганди. 17 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Россия ҳукумати Taurus билан ўз объектларига зарба берилишини Германиянинг Киев томонидаги ҳарбий амалиётлардаги иштироки деб билишини маълум қилди.

Мавзуга оид