Тошкент бош режаси харитаси сайтдаги юклама сабабли вақтинча ишламай қолди — вазирлик
Тошкент бош режаси ва эҳтимолий «снос»лар кўрсатилган интерактив харита тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг очилмай қолди. Вазирлик харитага олиб ўтувчи сайт ишлай бошлаганини маълум қилди. Аммо қотишлар ҳисобига рангларга ажратилган ҳудудлар бир кўриниб, бир кўринмаяпти. Расмийлар бу ҳам тез орада бартараф этилишини айтди.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача тасдиқланган бош режаси интерактив харитаси ижтимоий тармоқда пайдо бўлди. Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Kun.uz’га маълум қилишича, бу харита «Тошкентбошпланлити» ДУК томонидан анча аввалроқ ишлаб чиқилган. Аммо вазирлик расман ўзининг тармоқларида бу ҳақда хабар бермаган.
Айрим манбалар харитада бузилиши мумкин бўлган уй-жойлар ва бошқа объектлар тасвирланганини айтиб чиқди. Хусусан, ёпиқ каналлардан бирида «энди ер ёки уй сносга тушадими-йўқми – осонликча билиб олиш мумкинлиги»ни айтиб, харитага ҳаволани эълон қилди.
Айнан «снос»ларга оид муҳокамалар фонида сайт ишламай қолди. Тармоқ фойдаланувчилари ҳавола вазирлик томонидан ёпилгани ҳақида айтиб чиқишди.
«Қурилиш вазирлиги икки кун ўтмасдан Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси интерфаол харитасини ёпиб қўйди. Ушбу линк орқали ҳар ким ўзи яшаётган ҳудуднинг “снос”га тушган-тушмаганини билиб олиши мумкин эди. Ноқулай саволлар кўпайгани учун бош режа оммадан “яшириб” қўйилмаган деб умид қиламиз…», – дейди фойдаланувчилардан бири.
Вазирлик расмий изоҳига кўра, аслида ҳолат бундай эмас, Тошкент шаҳар бош режаси ҳаволасига киришда юклама ортгани сабаб расмий сайтда узилишлар кузатилмоқда. Орадан кўп ўтмай, вазирлик кейинги муносабатида сайт ишлай бошлаганини хабар қилди.
«Айни пайтга келиб муаммо бартараф этилди. Ҳозирда Тошкент шаҳар бош режаси интерфаол харитаси тўлиқ ва узлуксиз ишламоқда», – дейилади изоҳда.
Аммо сайтдаги харитада рангларга ажратилган ҳудудлар бир кўриниб, бир кўринмаяпти.
Расмийлар бу ҳам тез орада бартараф этилишини айтди.
Kun.uz «снос» қилинадиган ҳудудлар ҳақида маълумот олиш учун «Тошкентбошпланлити» ДУК раҳбари Баҳром Усмонов билан боғланди. У харитада бузиладиган объектлар акс этмагани, ранглар кесимида фақат реновация, реконструкция ва консервацияга тушган ҳудудлар кўрсатилганини маълум қилди.
Усмонов харитага оид батафсил маълумот қўшимча тарзда берилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси ўтган йили декабрда ҳукумат қарори билан тасдиқланганди. Унга кўра, шаҳарда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида бўлиши талаб этилади. Аҳоли энг зич ҳудудларда янги бинолар учун қаватлар сони бўйича чекловлар ўрнатилади.
Мавзуга оид

14:30 / 27.05.2025
Пойтахт бош режаси интерактив харитада: унда нималар акс этган?

22:36 / 14.05.2025
Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилади

16:41 / 14.03.2025
Қарши шаҳри ҳудуди қарийб 2 баробар кенгаяди

13:01 / 15.01.2025