Ўзбекистон | 12:59
4
4 дақиқада ўқилади

Чинозда ЙТҲ содир қилиб, одам ўлимига сабаб бўлган ЙПХ ходими 7 йилга қамалди

Йўл-патрул хизмати ходими Cobalt машинасида йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, Gentra билан тўқнашганди. Оқибатда Gentra ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ЙТҲ содир қилган йўл-патрул хизмати ходими озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.

Тонгдаги авария

Суд ҳукмига кўра, ЙТҲ 2025 йил 12 авуст куни тонгда содир бўлган. Тошкент шаҳрида яшовчи Файзулла Убайдуллаев ўша куни турмуш ўртоғи ва 3 нафар фарзанди билан саёҳат қилиш учун Gentra машинасида Самарқанд шаҳрига йўл олганди.

Чиноз тумани Маданият маҳалласига етганда Gentra’га йўлнинг қарама-қарши томонидан учиб чиққан Cobalt машинаси келиб урилади. 

Ушбу машина рулида Тошкент шаҳар ЙҲХБ инспектори Даврон Йўлдошев бўлган. У машинани юқори тезликда бошқариб, рул бошқарувини йўқотган ҳамда йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетганди.

ЙТҲ оқибатида Gentra ҳайдовчиси Файзулла Убайдуллаев Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилади, аммо у жонлантириш бўлимида вафот этади. Шунингдек, ЙТҲда марҳумнинг икки қизи ва турмуш ўртоғи ҳам тан жароҳати олган.

“Номер”ни ечиб ҳаракатланган”

Марҳумнинг яқинларига кўра, Даврон Йўлдошев Cobalt’ни давлат рақам белгисини ечиб олган ҳолда катта тезликда бошқарган. У ўз йўналишидаги машинани нотўғри қувиб ўтиши оқибатида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган.

“Даврон Йўлдошев ЙТҲдан сўнг 10-15 дақиқада етиб келган давлат рақами ечиб олинган Damas машинасига ўтириб, ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган. Ўзи ЙПХ ходими бўла туриб, бир вақтнинг ўзида шунча қоидабузарлик содир қилиши мумкинми?”, деганди марҳумнинг укаси Kun.uz журналисти билан суҳбатда. 

“Эрталабки йўриқномага шошаётгандим”

35 ёшли Даврон Йўлдошев суддаги кўрсатмасида айбига иқрор бўлиб, ўша куни эрталабки йўриқномага етиб бориш учун шошганини айтган.

“Ўша куни соат 5:20 ларда Cobalt машинамда маҳалламдан чиқиб, М-39 йўлида ҳаракатлана бошладим. Бошқарувни йўқотиб, машина рулини тўғирламоқчи бўлдим. Аммо ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келганимда Тошкент шаҳрида шифохонада эканимни билдим. Мени шифохонага нотаниш кишилар олиб боришган.

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳолда ҳаракатланганимни тан оламан. Бу қилмишимдан пушаймонман”, – деган у.  

Шунингдек, судланувчи етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун 15 500 доллар тўлаб берганини маълум қилган.

Даврон Йўлдошев ўша куни уйидан чиққанида машинасининг давлат рақам белгиси жойида турганини, ЙТҲ бўлганда давлат рақам белгиси бўлган-бўлмаганини эслолмаслигини билдирган.

Жазо

ЖИБ Чиноз туман судининг 2025 йил 23 декабрдаги ҳукми билан Даврон Йўлдошев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колониясида ўташ белгиланган.

Марҳумнинг қонуний вакили суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. Шикоятда судланувчи хавф остида қолдириш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жиноятларини ҳам содир қилганини инобатга олиб, унга оғирроқ жазо тайинлаш сўралган.

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 10 мартдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Аввалроқ Хоразмда маст ҳолда машина бошқариб, одам уриб юборган ва ҳодиса жойидан кетиб қолган ИИБ ходими 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш