Спорт | 09:22 / 12.09.2016
7639
1 дақиқада ўқилади

Станислас Вавринка Жоковични енгиб, US Open ғолибига айланди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича "Катта Дубулға" туркумига кирувчи US Open-2016 турнири якунланди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақанинг ҳал қилувчи финал баҳсида швейцариялик Станислас Вавринка дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси, сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга чиқди.

3 соату 54 дақиқа давом этган учрашувда Вавринка 6:7(1:7), 6:4, 7:5, 6:3 ҳисобларида устун келиб, бош мукофот эгасига айланди.

Бу 31 ёшли теннисчи учун "Катта Дубулға" туркумига кирувчи турнирлардаги учинчи соврин бўлди. Бунга қадар у 2014 йили Australian Open ҳамда 2015 йили "Ролан Гаррос" турнирларида ғолиб чиққанди.

Шу билан биргаликда Вавринка-Жокович қарама-қаршиликларида умумий баҳс 19:5 ҳисобида сербиялик спортчи фойдасига.

Бундан олдинроқ, турнирнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида германиялик Анжелика Кербер чехиялик Каролина Плишковани мағлуб этиб, АҚШ Очиқ чемпионатларидаги илк совринини қўлга киритгани хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид