АҚШда дронларга қарши микротўлқинли қурол синовдан муваффақиятли ўтказилди
Американинг Epirus компанияси Leonidas H2O деб номланган янги авлод юқори қувватли микротўлқинли қуроллар тизимини тақдим этди. У бир вақтнинг ўзида моторли қайиқлар, ўзи бошқарилувчи сувусти кемалари ва учувчисиз парвоз қурилмаларини ишдан чиқара олади.

Фото: youtube.com/epirus
Бу тизим АҚШ Денгиз флотининг Coastal Trident (ANTX-CT) ўқув машғулотлари доирасида муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Leonidas H2O тизими юқори энергияли микротўлқин технологияларига асосланган Leonidas платформасининг кенгроқ миқёсдаги версиясидир. Синовлар натижасига кўра, қурол 40 дан 90 от кучигача бўлган денгиз двигателларини анча узоқ масофада, ҳатто ярим қувватда ишлаётган ҳолатда ҳам самарали тарзда ишдан чиқара олган.
Epirus бош директори Энди Лоурининг таъкидлашича, Пентагон анъанавий бўлмаган воситалар орқали денгиз кемаларини тўхтатиш технологияларини ишлаб чиқишга ўнлаб млн доллар сарфлаган, аммо ҳанузгача амалда фойдаланилаётган бирорта тизимни жорий этмаган. Leonidas H2O айнан шу бўшлиқни тўлдиради — у денгиз ва ҳаво ҳудудларини ҳимоя қилиш учун амалда синовдан ўтган ечимни тақдим этади.
Тизим Leonidas LRAM кучайтирувчи модулларига асосланган қаттиқ модулли архитектурага эга бўлиб, юқори ишонч ва мукаммал ишлаш барқарорлигини таъминлайди. Epirus HPM технологияси тўғри бошқарилганда, ўқ-дорилар, ёнилғи ва шахсий таркиб учун хавфсиз ҳисобланади.
Leonidas қуроллари бутун дрон роисини йўқ қилиш, бир вақтда бир нечта нишон гуруҳларига қарши курашиш қобилиятига эга. Бу эса уларни ҳарбий объектлар ва стратегик аҳамиятга эга ҳудудларни ҳимоя қилишда жуда самарали воситага айлантиради.