Жамият | 11:31 / 04.08.2015
35539
3 дақиқада ўқилади

Голливуд юлдузларининг стоматолог ҳузурига ташрифидан аввалги ва кейинги ҳолати

“Даракчи” газетаси шоу-бизнес оламига оид қувноқ рейтинглар эълон қилишда давом этмоқда. Бу сафар машҳур санъат ва маданият арбобларининг табассумлари рейтинги ўқувчиларга тақдим этилди.
Голливуд юлдузларидан тузилган тўққизликдан тиш муаммосига учраб, тиш докторига мурожаат қилишга мажбур бўлган актёр ва қўшиқчилар ўрин олди.

Улар ичида биринчи поғонани машҳур актёр, “Оушен” силсиласи ва кўплаб бошқа фильмлар билан
шуҳрат қозонган Жорж Клуни эгаллади. Клунининг тишлари дастлаб устма-уст ўсган эди. Узун-қисқа тишларни рисоладагидек ҳолатга келтириш учун у кўп бора шифокор қабулида бўлган. Бунинг натижасида эса кўплаб фильмларнинг қаҳрамонига айланиб, миллионлаб мухлисларга эга бўлди.

 

Иккинчи ўринда турган Кэтрин Зета-Жонс, учинчи ўриндаги Spice Girls гуруҳи солисти Виктория Бекхэм, бешинчи ўриндаги Деми Мурлар ҳам мана шундай муаммога учрашган.

 

Тўртинчи натижани қайд қилган актриса Николь Кидманнинг тишлари бир текис бўлса ҳам, улардаги сариқ доғлар бемалол табассум қилиш имконини бермасди. Мунтазам равишда оқартириш муолажасини ўтказишгина керакли натижани берди.

 

Олтинчи ўрин яна бир машҳур эркак актёр – Том Крузга насиб қилди. Унинг олди тиши докторнинг муолажасига муҳтож эди. Эндиликда у ушбу муаммодан халос бўлди.

 

Шунингдек, тўққизликка Кирстен Данст, Селин Дион ва Кеёйт Бекинсейллар киритилди.
Шунингдек, газетада айнан шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон санъати ўнлиги тузиб чиқилди.

Унда биринчи ўрин 58 йилдан Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсуповага берилди.

Ундан кейинги ўринларни хонандалар Алишер Файз ва Шаҳзода эгаллашди.

Шунингдек, ўнликка актриса Раъно Шодиева, раққоса Шодиёра Омонова, телебошловчи Рихситилла Абдуллаев, Отажоновлар сулоласининг кенжа вакилларидан бири Али Отажонов, актёр Бобур Йўлдошев, актрисалар Асал Шодиева ва Дилноза Кубаевалар
ўрин олишди.