Ўзбекистон | 00:35 / 20.08.2015
4123
2 дақиқада ўқилади

“Шайх Зайниддин” жоме масжидида Муборак ҳаж сафарига борувчи зиёратчиларнинг Тошкент шаҳар гуруҳлари билан учрашувлар бўлиб ўтди

Шу йилнинг 18-19 август кунлари “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Муборак ҳаж сафарига борувчи зиёратчиларнинг Тошкент шаҳар гуруҳлари билан учрашувлар бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги. Ҳар бир гуруҳлар учун алоҳида ўтказилган суҳбатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳодимлари, Тошкент шаҳар бош имом хатиби А.Турсунов ҳамда гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди.
Суҳбат чоғида фуқароларни аввало, олдиларида турган масъулиятли ибодат, динимизнинг бешинчи аркони ҳаж ибодатини бажаришга отланганликлари билан қутлаб, юртимизда мусулмонларнинг ҳаж ва умра амалларини эмин-эркин адо этишлари учун давлатимиз томонидан муносиб шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилаётганлиги қайд этилди.


Шу билан бирга, учрашув давомида сафар чоғидаги ташкилий масалалар ҳамда хавфсизлик чораларига тўхталиб ўтилди. Маълумки, кейинги пайтда Саудия Арабистони қироллигида иккала ҳарами шарифда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинди.

Дунё ҳожилари сонида қисқартиришлар амалга оширилди, норасмий йўл билан ҳажга боришнинг олдини олиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилганлиги маълум қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2014 йил 23 августдаги 967 сонли қарори учрашув қатнашчиларига ўқиб, мисоллар билан тушунтириб берилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида “Ҳаж бадал” қилишлик қатъиян тўхтатилганлиги маълум қилинди ва бу борада зарурий тавсиялар берилди.

Қайд этиш керакки, 2015 йилда Иншаалоҳ юртимиздан 5200 нафар зиёратчи ҳаж ибодатини адо этади. Шундан 835 нафари Тошкент шаҳри зиёратчиларидир.