Ўзбекистон | 19:36 / 14.09.2015
8190
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти зиёратчилари умра амалини бажардилар

12 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон туманларида яшовчи фуқароларимиздан таркиб топган “Тошкент вилояти-1” ва “Тошкент вилояти-2” гуруҳлари зиёратчилари Мадинаи Мунавварадан Макка шаҳрининг “Азизия аш-Шималия” минтақасида жойлашган тўрт буржли “Аброж ал-Муҳаммадия” меҳмонхонасига етиб келдилар.


Зиёратчиларга тажрибали имом-хатиблар Азимжон Алимжонов ва Фарруҳ Курганов етакчилик қилмоқда. Юртдошларимиз ишчи гуруҳ ва меҳмонхона ходимлари томонидан ўзлари учун ажратиб қўйилган ҳар томонлама қулай ҳамда шинам хоналарга жойлашдилар. Тушликдан сўнг барча зиёратчиларга умра давомида бажариладиган амаллар, унинг шаръий ҳукмлари жумладан, фарз, вожиб, суннатлари юзасидан элликбошилар томонидан яна бир бор пухта тушунча ва тавсиялар берилди. Зеро, ҳаж ва умра амалларини шаръий талабаларга монанд бажариш зарурий шарт ҳисобланади.

Бунга Қуръони каримнинг “Бақара” сураси
وأتموا الحج والعمرة لله

“Ҳаж ва умрани (арконлари ила) Аллоҳ (ризоси) учун тўлиқ адо этинглар” 196-ояти калимаси ҳам далилдир.
Ҳожиларимиз шу куни кечасига қадар ҳордиқ олдилар. “Ҳарам” масжидида зиёратчилар сийраклашганларидан сўнг юртдошларимиз дуои хайрлар қилиб, “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда ван неъмата, лака вал мулк, лаа шарийка лак” талбиясини айтган ҳолда махсус автобусларда “Ҳарам” масжидига етиб келдилар.
Зиёратчиларимиз қариялар ва аёлларни эҳтиёт қилган ҳолда “тавоф” ва “саъй” амалларини бажардилар. Умра амалларини бажариш давомида улар оила аъзолари ва яқинлари, умуман, барча юртдошларимиз ҳақларига дуолар қилиб, Аллоҳдан жондан азиз ва муқаддас Ватанимизга тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ҳамда муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида янада равнақ топишни ихлос билан сўрадилар.
Умра амалларини тартиб билан ва муваффақият билан адо этган зиёратчиларимиз меҳмонхонага чуқур таассуротлар билан қайтдилар.

Манба: religions.uz