Жамият | 16:20 / 11.12.2015
10411
3 дақиқада ўқилади

RT Кремль пропагандаси қандай ишлашини кўрсатиб берди

RT телеканали ўзининг 10 йиллик юбилейи муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга “Кремль пропагандаси” қандай ишлайди, ёхуд Симоньян, айиқ ва қундуз шарбати” номли видеоролик намойиш этиб берди. Видео ҳозирликда YouTube видеосервисига жойлаштирилган.

Ролик телеканал таҳририятининг ишига бағишланган. Унда Россия телевидениесининг ишлаши ҳақида европалик оппонентларнинг даъволари пародик тарзида кўрсатиб берилган.

Сюжетга кўра, RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян пахта чакмон (ватник), қулоқчин ва калишда канал ишчиларига топшириқлар бериб боради ва бирйўла каналнинг ишлашини томошабинларга кўрсатади.

Биринчи кадрда у жомадон ичидан доллар тахламларини чиқариб, Михаил лақабли айиққа беради ва видеоролик буюртма қилади. Кейинги кадрда эса телеканал бюджети келтирилган юк машинасидан чиқади.

“Илгари бешта фура ҳам олиб келишарди, ҳозир эса инқироз, бу сафар ё битта, ё иккита олиб келишибди. Ҳеч қиси йўқ, етади. Биз тежамкормиз”, - дейди бош муҳаррир.

RT биносида у ерга тўкилиб кетган қундуз шарбати идишига дуч келади, сўнг тўғридан-тўғри Кремлдан кўрсатма оладиган “тозалаш бўлими”га киради.

Сўнг Симоньян бир йўлак бўйлаб юриб, Сурия, Донбасс, Яман ва бошқа қайноқ нуқталар бўйича саҳналар суратга олинадиган павильонларни кўрсатади. Кейин эса ертўлага тушиб, каналда ишлаётган чет элликларга “Макдональдс”дан харид қилинган овқатдан беради.

Экскурсия якунида Симоньян хоним янгиликлар студиясини таништиради. Унинг ишини тўппонча билан қуролланган россиялик ҳарбий назорат қилмоқда, телебошловчи эса стулга кишанлаб қўйилган.

“Сиз буни шунақа тасаввур қилгандингизми? Тўппа-тўғри, биз айнан шундай ишлаймиз”, - хулоса қилади бош муҳаррир монтаж кабинетида. Видео охирида Владимир Путин ушбу роликни кўраётгани намойиш этилган.

Сюжет президентга 10 декабрь куни, телеканалнинг 10 йиллиги муносабати билан кўрсатилган. Давлат раҳбари канал ишчиларини табриклаш учун “Новый Манеж” кўргазма мажмуасига ташриф буюрган эди.