Спорт | 07:56 / 03.01.2016
7283
1 дақиқада ўқилади

“Дакар” пойгасининг биринчи босқичи автоҳалокат туфайли тўхтатилди

Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда 2 январда бошланган “Дакар” ралли-марафонининг биринчи кунида Хитой жамоасининг автомобили томошабинларга бориб урилди. “Насьон” газетасининг маълум қилишича, автоҳалокт оқибатида 8 киши жароҳат олган.   

Автомобиль экипажи бурилишда бошқарувни қўлдан чиқариб, йўл четида турган томошабинларга урилган. Жабрланганлар орасида балоғатга етмаган болалар ва ҳомиладор аёл бор. Жабрланганлардан 3 нафари оғир аҳволда. AFP агентлиги маълумотларига кўра, автомобилни хитойлик аёл пойгачи Го Мэйлин бошқарган.

Нохуш воқеа сабабли пойгалар тўхтатилди. 3 январда пойга иштирокчилари Росарио шаҳридан Вилья-Карлос-Пас шаҳрига йўл оладилар.

Жорий йилда пойга Аргентина ва Боливия ҳудудларидан ўтади ва 16 январда Росарио шаҳрида якунланади. Пойга стартига 350 тадан кўпроқ транспорт воситаси, жумладан 55 та спорт юк машинаси чиққан.