Фан-техника | 10:11 / 10.01.2016
5672
3 дақиқада ўқилади

HTCнинг CES-2016даги янгиликлари

Лас-Вегасда давом этаётган CES-2016 кўргазмасида HTC компанияси бир қатор янги маҳсулотларини намойиш этди. Булар орасида янги виртуал реаллик шлеми ҳамда бир қанча фитнесга оид гаджетлар диққатга сазовор.

Vive Pre Vive VR виртуал реаллик шлемининг янгиланган версияси бўлиб, у HTC томонидан Valve компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Шлем илгаригидан кичикроқ, енгилроқ ва қулайроқ қилиб ясалган. Асосийси эса, унинг фронтал камераси мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида виртуал реалликка ахёнда реал дунё тасвирлари қўшилиб туради. Бундан ташқари, HTC вакилининг сўзларига қараганда, шлемда акс этадиган тасвир анча ёрқин ва равшандир. Мазкур шлем кенг сотувга чиқарилмай, 7000 экземплярда чиқарилади ва илова ишлаб чиқарувчиларига тарқатилади. Унинг нархи неча пул туриши ошкор этилмаяпти. Vive’нинг якуний версияси 2016 йил апрелида чиқарилади.

HTC Under Armour компанияси билан бирга чиқарилган яна учта маҳсулот анонсини ўтказди: UA Band, UA Scale, UA Heart Rate. Бу фитнес қурилмалари алоҳида ёки HealthBox деб аталган тўпламда сотилади.

UA Band фитнес-трекери кун давомида фойдаланувчининг фаоллиги ҳамда унинг уйқу силсиласини кузатиб боради. Билакузук 1.3 дюйм диагоналли P-OLED-экран ҳамда сув ўтказмайдиган корпус билан таъминланган.

UA Scale тарозиси эса фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни UA Band билакузугига ёки мобил иловага йўллайди. Тарозидан бир йўла бир неча киши фойдаланиши мумкин бўлади, ҳар бири учун алоҳида назорат ёзуви олиб борилади.

UA Heart Rate билакузугининг асосий вазифаси эса пульсни ўлчашдир. Маълумотлар махсус иловага юборилади, илова эса, ўз навбатида, график тузиб, фойдаланувчида унинг спорт машғулотлари қай даражада фойдали бўлаётганини кўрсатиб боради.

HealthBox тўпламининг нархи 400 долларни ташкил қилади. Гаджетлар алоҳида харид қилинганида, UA Band 180 доллар, UA Scale 180 доллар, UA Heart Rate эса 80 доллар туради.