Жаҳон | 23:02 / 30.03.2016
1641
2 дақиқада ўқилади

Ҳаменеий музокаралар ракеталарни яратишдан муҳимроқ дейдиганларни сотқинлар деб ҳисоблашини айтди

Эроннинг олий етакчиси оятуллоҳ Али Ҳаменеий мамлакатнинг ядровий дастури бўйича фикр билдирди. Унинг айтишича, музокараларни ракета қуролларини яратишдан муҳимроқ деб ҳисоблайдиганларнинг барчаси сотқиндир. Бу ҳақда хорижий ОАВда хабар берилди.

"Агар Ислом Республикаси технологик ривожланишга интилса ва мудофаасини мустаҳкамлай, музокараларга борса, бу қолган кам аҳамиятли давлатлар кўз ўнгида чекиниш бўлади. Одамлар келажак дунёси – ракеталар эмас, музокаралар дунёси дейдилар. Агар улар бундай сўзларни ўйламасдан гапирсалар, бу уларнинг аҳмоқлигидан, агар билиб гапирсалар, сотқинлигидан дарак беради", деб айтилмоқда оятуллоҳ сайтида.

Маълум қилинишича, Ҳаменеийнинг бу гаплари собиқ президент Акбар Ҳошими Рафсанжанийнинг айтган фикрига жавобан айтилган бўлиши мумкин. Рафсанжаний бир неча кун аввал Twitter’да "келажак ракеталар эмас, музокаралар ортида" деб айтганди. Таъкидланишича, Рафсанжаний Эроннинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳоний билан яқиндир.

10 мартда Теҳрон ракеталар синовини ҳеч қачон тўхтатмаслигини айтган. Бундан бир кун аввал Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси жангчилари Исроил ҳудудига етиб бора олиши мумкин бўлган икки баллистик ракета учирганлар.

"Биз таъсир доираси 2 минг километрни ташкил қиладиган ракеталарни яратишимизга сабаб душманимизга хавфсиз масофадан зарба бериш имконига эга бўлишдир", деб айтганди ўшанда Эрон бригада генерали Амир Али Ҳожизода.

Шундан кейин АҚШ Эронга қарши бир қатор чекловларни яна бир йилга узайтирди.

Теҳроннинг ракета қуролларини яратишдан воз кечиши 2015 йил ёзида Эрондан санкцияларнинг бекор қилиниши шартларидан бири бўлган. БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига кўра, Эронга Хавфсизлик кенгаши рухсатисиз баллистик ракеталарни яратишда қўлланадиган технологиялар ҳамда танк ва жанговар вертолётлар каби оғир қурол турларини экспорт қилиш тақиқланади.

Теҳронга ракета технологиялари ва оғир қуролларни етказиш бўйича чекловлар мос равишда 8 ва 5 йилга сақлаб қолинади.