Ўзбекистон | 12:38 / 01.04.2016
2481
2 дақиқада ўқилади

“Тошшаҳартрансхизмат” 1 апрелдан Тошкентда жамоат транспортларида йўл ҳақи ошиши ҳақида 1 апрель куни маълум қилди

1 апрель куни “Тошшаҳартрансхизмат” сайтида Тошкент шаҳридаги жамоат транспорт воситаларида (автобус, трамвай ва метро) йўлкира ҳақи 1 апрель кунидан 20 фоизга кўтарилиб, 1000 сўмдан 1200 сўмга етгани ҳақида расман маълум қилинди.

Йўналишли маршруткаларда эса йўлкиралар 1 500 сўмдан бошланиб, 3000 сўмгача.

Компания йўлкираларнинг оширилиши сабабини ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлари ва электр энергияси сарф-харажатлари кўпайганлиги билан изоҳлади.

Ойлик йўл чипталарининг янги нархи ҳақида эса ҳозирча маълумот йўқ.

Қайд этиш керакки, 31 март куни турли нашрлар, хусусан Ўзбекистондаги рус тилида фаолият кўрсатувчи маҳаллий сайтларда бу ҳақда компанияга асосланган ҳолда хабарлар берилди.

Kun.uz сайти бу маълумотларни тасдиқлашини сўраб, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ сайтида келтирилган ишонч телефонларига бир неча марта қўнғироқ қилди ва жавоб ола олмади. Компания сайтида бу маълумот 31 март куни йўқ эди ва йўловчиларнинг аксар қисми 1 апрель куни йўлга чиққанидагина нархлар ўзгарганидан хабардор бўлишди. Бу эса ҳайдовчилар ва йўловчилар ўртасида тушунмовчиликларни ва ноқулайликларни келтириб чиқара бошлади. Аҳоли бундай маълумот ҳақида олдиндан огоҳлантиришни сўрамоқда.

Қайд этиш керакки, март ойининг биринчи қисмида Тошкент шаҳрида 1 апрелдан иссиқ, совуқ сув, газ учун тўловлар нархи оширилиши ҳақида огоҳлантирилганди.