Жаҳон | 09:00 / 05.04.2016
4228
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған ва Туркиянинг 50 млн аҳолиси ҳақидаги маълумотлар интернетга чиқиб кетди

Номаълум хакерлар Туркиянинг деярли 50 млн аҳолиси ҳақидаги шахсий маълумотларни интернетга очиқ муомалага қўйишди. Бу ҳақда Die Welt газетаси хабар берди.

Маълумотларни юклаб олиш учун ҳавола 4 апрелда Hacker News форумида чоп этилди. Хакерларнинг айтишича, Туркиянинг муаммоси унинг техник инфратузилмасининг заиф ҳимояланганлигидадир, айнан шу сабабли 6,6 Гб лик маълумотлар базаси очиқ муомалага чиқиб кетди.

Туркия аҳолиси 2015 йил бошидаги маълумотларга кўра, 77,7 млн кишини ташкил қилгани ҳисобга олинса, деяли 60 фоиздан кўпроқ туркияликлар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинган.

Чоп этилган малумотлар фуқароларнинг исм-фамилияси, ота-онасининг фамилиялари, жинси, туғилган йили ва жойи, уй манзили ва идентификацион рақамини ўз ичига олади.

Хакерларнинг таъкидлашича, уларнинг бу ҳаракатлари Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга қаратилган. Улар Туркия аҳолисини "давлатни таниб бўлмас даражагача вайрон қилаётгани учун Эрдўған билан бирор нарса қилишга" чақирдилар.

"Қолоқ мафкура, таниш-билишчилик ва Туркияда диний экстремизмнинг ўсиши техник инфратузилмани барбод қилишга олиб келиши мумкин деб ким ўйлабди дейсиз?", дейилмоқда хакерлар мурожаатида.

Бу мурожаат остида хакерлар Туркия президентининг шахсий маълумотларини ва бутун ҳажмдаги маълумотни юклаб олиш учун ҳаволани чоп этишди.

Бу маълумотлар қандай чиқиб кетгани номаълумлигича қолмоқда. Die Welt тахминича, маълумотлар Туркия ички ишлар вазирлиги MERNİS маълумотлар базасидан ёки сайловчилар рўйхатидан олинган бўлиши мумкин.

Ўзини Туркия фуқароси деб таништирган, Hacker News’нинг ttn номли фойдаланувчисининг айтишича, у базадан ўзи ҳақидаги маълумотни топа олган. Бироқ бу ҳолат уни ажаблантирмади: Туркия ҳукмрон партиясига яқин компаниялар бир йил аввал фойдаланувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун катта пуллик давлат буюртмаларини олишган, бироқ буни етарлича даражада эплай олишмаган.

Унинг айтишича, исталган жиноятчи базадаги маълумотлардан фойдаланиб, бошқа одам исмига SIM-карта олиши ва ундан ўз қабиҳликларида жазосиз қолган ҳолда фойдаланиши мумкин (мисол учун, бомбани масофадан туриб портлатиши, фирибгарлик мақсадларида).