Жамият | 19:57 / 08.04.2016
2531
2 дақиқада ўқилади

Аёлларни лақиллатган “дами ўткир фолбин”нинг ўйини фош бўлди

Назира (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қизчаси билан эридан ажрашиб кетганидан кейин тушкунликка тушиб қолди. Яхшиям севимли касби бор, у туман халқ бўлимида ишлайди. Бир куни дугонаси Мадина билан “ишларини жўнаштириб юбориш” учун фолбиннинг эшигини тақиллатди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

Улар Гавҳар исмли фолбиннинг уйига киришди. Аёл олдида турган эски китобни очиб, ўқий бошлади. Шундан кейин Назира Гавҳарнинг олдига серқатнов бўлиб қолди.

“Гавҳар опа, яхши ниятлар билан уй, машина оламан деб 20 минг АҚШ доллари йиққандим. Орзуим қачон амалга ошар экан а?”, дейди у бир куни фолбинга.

Гавҳар унга 1200 АҚШ доллари олиб келишини, бу пулларга дам солиб беришини айтади. Унинг бу гапларини эшитган Назира тезда пулни олиб келиб Гавҳарнинг қўлига топширади. Хуллас, фолбин Назирадан кетма-кет равишда, жами 20 минг АҚШ долларини “дам солиб бераман” деб олиб қўяди. Аммо қайтариб бериш ҳақида ўйламайди ҳам.

Орадан, кунлар, ҳафталар, ойлар ўтса-да, Гавҳарнинг баҳоналари тугамади. Унинг ёлғонларидан тоқати-тоқ бўлган Назира охири ёрдам сўраб ички ишлар идорасига мурожаат қилди. Ўтказилган суриштирувлар натижасида Гавҳар яна дам солиб, қайтараман, деб фуқаролар — эр-хотин Ҳ.ларнинг 500 АҚШ долларини, Дилбар Д.нинг 7000 АҚШ долларини, Жавҳар У.нинг 1000 АҚШ долларини Ҳалима Г.нинг 3.100.000 сўмлик тилла тақинчоқларини олиб, қайтариб бермаганлиги аниқланди.