Жамият | 00:48 / 17.04.2016
13275
5 дақиқада ўқилади

“Мухлис” картинасининг дунё бўйлаб премьераси бўлди: фильм ҳақида фикрлар

Болливуд суперюлдузи Шохрух Хон иштирокидаги янги “Мухлис” (Fan) фильми 25 ёшли боланинг ноодатий ҳикоясига асосланган. Фильмда Гаурав исмли йигит машҳур юлдуз Арян Кханнанинг ашаддий мухлиси бўлиб, уни ҳатто ўз худосидек кўради.

У ўз орзусини амалга ошириш ва севимли актёрини туғилган куни билан табриклаш мақсадида Дехлидан Мумбай томон йўл олади. Қизиғи шундаки, Гауравнинг ташқи кўриниши Арян Кханнага икки томчи сувдек ўхшаш бўлади.

Афсуски, ҳаётда доим ҳам биз ўйлаган ишлар бўлавермайди. Воқеалар Гауравнинг режаси бўйича давом этмаганлиги сабабли, унинг орзусига бўлган муҳаббати хавфли нафратга айланади.

“Мухлис” фильмининг режиссёри Маниш Шарма (Maneesh Sharma) ва продюсери Адитя Чопра (Aditya Chopra) бўлиб, унинг жаҳон кинотеатрларидаги премьераси жорий йилнинг 15 апрель санасида бўлиб ўтди. Замонавий технологиялар, махсус эффектлар ва грим туфайли Гауравга айланган Шохрух Хон мухлисларини ҳайратда қолдирган бўлиши табиий.

Омманинг қайд этишича, “Мухлис” картинаси ажойиб ва қизиқарли воқеаларга асосланган бўлиб, унинг сценарийси қойилмақом тарзда ёзилган. Фильм томошабинни бошидан то охиригача жалб эта олади ва иккинчи қисм бутунлай ўзгача, кутилмаган саҳнани намоён қилади. Айнан шу саҳна фильмнинг энг кульминацион нуқтасига айланади. Шохрух Хон “Мухлис”да иккита бош қаҳрамон ролини ҳам ўзи ижро этган. Суперюлдуз, шубҳасиз, мазкур фильмни ўз ижодининг яна бир ёрқин ва энг яхши кино намунасига айлантира олишга муваффақ бўлган.

Фильмнинг Ҳиндистон ва дунё бўйлаб премьерасидан сўнг кўплаб томошабинлар ўз твиттерларида “Мухлис” ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини қолдиришган. Қуйида баъзи томошабинларнинг фильм ҳақидаги фикрлари билан танишишингиз мумкин:

Сидху @sidhuwrites:
“Мухлис” жуда ажойиб фильм. Бу сўнгги давр ичидаги Шохрух Хон иштирок этган энг таъсирли фильмдир. Фантастик фильм. Мухлис ва унинг идеал юлдузи ўртасидаги қонли тўқнашув инсон ҳиссиётларини жунбушга келтиради. Тавсия этаман! “Мухлис” Шохрух Хоннинг “Олға, Ҳиндистон” фильми каби энг сара фильмлари қаторига кириши аниқ. Балки фильм кўнгилочар мавзуларни ҳуш кўрувчиларга ёқмаслиги мумкин, бироқ бу актёр маҳоратини яна бир бор баҳолаш имконини беради. Фильмни томоша қилинг, бу Шохрух Хон ижросидаги аввалги муваффақиятсиз “Севишганлар” (“Dilwale”) картинасини унутишга ёрдам беради. Мен ҳам айни дамда мазкур фильмни яна бир кўришни режалаштирдим”.

Шива Сатям ‏@AsliShiva:
“Ҳозиргина фильмнинг биринчи қисми тугади. Шохрух Хон картинада маромига етказиб роль ижро этган. “Мухлис” фантастик фильм ва у актёрнинг бетакрор ишларидан биридир. Бу жуда ҳам таъсирли фильм. Унда юлдуз ва мухлис муносабатлари қандай якунланишига воқеалар ривожи орқали жавоб топасиз. Томоша қилиш шарт! “Мухлис” катта муваффақиятга эришиши табиий, албатта, Шохрух Хоннинг шарофати билан. Режиссёр Маниш Шарма фильмга айнан уни танлаб адашмаган.”

Фараз Мохамед ‏@frz_aju:
“Триллер, мавҳумлик, Севги, ўткир ҳиссиёт, тентаклик, драма. Барчаси бирда. Жуда ҳам ажойиб кино. Кўриш лозим! Ўзимизнинг Шохрух Хон томонидан чинакамига ёрқин ижро. Гаурав ҳам, Арян ҳам маҳорат ила талқин этилган.”

Камран Мустафа @kami3012:
“Шу кунгача Шохрух Хон ижросидаги энг зўр фильм. Арян Ханна қаҳрамони ажойиб, бироқ Гаурав ундан-да яхшироқ. Ажойиб натижа!”

Аатиф Имран @AatifImran3:
“Ҳозиргина фильмни томоша қилдим. Шохрух Хон барчамизни Гаурав қаҳрамонининг бетакрор образи орқали лол қолдирди. Фильмдаги энг ажойиб воқеалар биринчи қисмда содир бўлади, аммо “Мухлис”нинг иккинчи қисми ҳам ғайритабиий. Бу вазиятлар этингизни жимирлатиб юборади ва мутлақо бошқа муҳитга олиб киради.”