Ўзбекистон | 14:22 / 17.04.2016
2212
1 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Кюсюда содир бўлган зилзила муносабати билан Япония бош вазирига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Япония жанубидаги Кюсю оролидаги кучли зилзилалар оқибатида кўп сонли инсонлар ҳалок бўлиши ва вайронагарчиликка олиб келиши муносабати билан Япония Бош вазири Шиндзо Абэга чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Мактубда давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ва яқинларига ҳамда жабрланганларга чуқур ҳамдардлик ва далда билдирган.

Японияда 14-16 апрель кунлари давомида 388 марта ер қимирлади. Улар орасида энг кучлиси 7,3 ва 7,1 магнитудали зилзилалар бўлди.

Охирги маълумотларга кўра, бу кунлар ичида табиий офат оқибатида 41 киши ҳалок бўлди, 2 мингдан кўпроқ киши турли оғирликдаги жароҳатлар билан шифохоналарга жойлаштирилган.

Кумамото ва Оита префектураларида 240 мингдан кўпроқ киши махсус марказлар, мактаблар ва муниципал биноларда жойлаштирилган. Кумамотода деярли 80 мингта турар жой биноси электр таъминотисиз қолмоқда.