Спорт | 20:10 / 23.04.2016
2522
2 дақиқада ўқилади

АҚШда россиялик теннисчига ирқчилик айби қўйилиб, мағлубият берилди

АҚШнинг Саванна шаҳрида "Челленжер" сериясидан ўрин олган теннис мусобақасида россиялик теннисчи Даниил Медведевга ирқчилик қилгани учун рақиби Дональд Янг билан учрашувда мағлубият берилди.

Ҳисоб америкалик теннисчи ҳисобига 3:1 бўлаётганда, Медведев рақибининг тўп узатишидан олдин 2 та брейк-пойнтга эга бўлган. Навбатдаги тўп ўйналишида россиялик аниқ зарба билан тўпни майдоннинг бурчагига туширган. Чизиқдаги ҳакам барчаси қоида бўйича бўлганини қайд қилган ва россияликка очко берган. Медведев шундан кейин кичик танаффусга кетган.

Бироқ унинг рақиби ҳакамнинг қароридан норози бўлиб, қарорни бош ҳакам қабул қилишини талаб қилган. Бош ҳакам қора танли аёл бўлган. У ўзи ўтирган вишкадан тушиб, тўп тушган жойга борган, Янг ва чизиқдаги ҳакам билан нималарнидир гаплашиб, қора танли теннисчи фойдасига қарор чиқарган.

Россиялик қарорни эшитгач, "Мен у сизнинг дўстингиз эканлигини биламан. Бунга ишончим комил" деб айтган. Буни эшитган томошабинлар кулиб юборган.

Гейм давом эттирилган ва Янг ҳисобига якунланган. Медведев танаффус пайтида ҳакам номига яна нималардир деган, бироқ у нима деганини ҳеч ким аниқ эшитмаган.

Шундан кейин учрашув назоратчиси кортга тушиб, бош ҳакам билан гаплашгач, Медведевни спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракатда ва ирқчиликда айблаб, ўйиндан четлатган.

Россияликнинг четлатилиши эълони томошабинлар орасида тушунмовчилик келтириб чиқарган. Россиялик ўйин тўхтатилиши биланоқ бош ҳакам ва рақиби билан анъанавий равишда қўл сиқишиб чиқиб кетган. Бу ҳолат ҳам унга нисбатан ирқчилик айби қўйилгандан кейин бироз ғалатироқ кўринган.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеани муҳокама қилаётганлар "Қора танлиларнинг бир-бири билан дўстлашиши ҳақидаги сўзлар энди ирқчилик деб ҳисобланадими?" деб таажжубланишмоқда.