Жамият | 23:48 / 03.05.2016
13230
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Ахтубинскида уч думли мушук пайдо бўлди

Россиянинг Астрахань вилоятидаги Ахтубинск шаҳри кўчаларида бир вақтнинг ўзида ҳам чўчитувчи, ҳам ўзига жалб қилувчи мутант мушук кузатилди. Қорамтир мушукнинг антиқалиги шундаки, унда ҳар бири қимирлайдиган учта думи бор.  

Ғайритабиий мушукнинг видеоси YouTube’да Светлана Бирилюк исмли фойдаланувчи томонидан чоп этилди ва у томонидан "Ишонмайсиз!!! Мушукнинг учта думи бор!!!" деб номланди. Видеода ўт устида иккита бир-бирига ўхшаш мушук юргани, бироқ улардан бирига яхшилаб қаралса, учта турли ўлчамдаги думи борлигини кўриш мумкин. 

Видео муаллифи кадр ортида мушук "дайди" эканлигини айтмоқда. Бу орада видеони кўрганлар мушукнинг бундай ноодатий кўринишига нима сабаб бўлгани борасида баҳслаша бошлашган. Баъзи фойдаланувчилар эса иккита ортиқча дум умуман сохта бўлиб, у видео муаллифи томонидан кўпроқ намойиш йиғиш мақсадида мушукка ёпиштириб қўйилган бўлиши мумкинлигини айтишди.    

Бу орада ветеринарларнинг таъкидлашича, бундай мутациялар табиатда учраб туради. Бироқ мутахассислар "кўпдумлилик"нинг сабабини тушунтириб беришга ҳали ожизлик қилмоқдалар.   

Таъкидлаш жоизки, мутациялар нафақат жонзотларда, балки одамларда ҳам учраб туради. Мисол учун, яқинда Ҳиндистонда "сув париси" синдромига эга бола туғилди: чақалоқнинг оёқлари думга ўхшаб чатишиб кетган, қўллари жойлашиши эса сузгичлар қулочини эслатиб юборади. Афсуски, бундай нуқсон билан туғилган болакай бор-йўғи 10 дақиқа яшаган.