Жаҳон | 19:46 / 03.05.2016
13776
3 дақиқада ўқилади

Сўз эркинлиги тарихига назар

Инсоният дунёқарашининг кенгайишида оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни беқиёсдир. Матбуот тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, у орқали инсонлар дунё янгиликларини билиб туришган.
Турли даврларда матбуотдан кейин ОАВнинг радио, телевидение каби турлари, айниқса, интернет пайдо бўлгач, инсоният онги ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Улардан тўғри фойдаланиш ва ахборотларни таҳлил қилиш эса кишидан мустақил фикр, билим ва тафаккурни талаб этди.

Матбуотнинг илк кўринишлари XV асрнинг ўрталарида Европада юзага келган, қарийб беш аср мобайнида яъни, — радиоэшиттириш ва телевидение пайдо бўлгунга қадар кишилар ўртасида оммавий мулоқотнинг, билим ва ғоялар тарқатишнинг асосий воситаси саналган. Дастлабки босма нашрлар китоб, рисола ва варақалардан иборат бўлган, XVII асрнинг бошларида газеталар, кейинроқ эса журналлар нашр этила бошланган.

XIX асрнинг ўрталарида ахборот агентликлари вужудга келди.

Газета ва журналларнинг пайдо бўлиши билан "журналистика" атамаси ҳам шаклланди. XIX асрнинг ўрталарида вақтли матбуотнинг ривожланиши билан журналистиканинг мазмун доираси кенгайиб, кўп қиррали журналистик фаолиятни англата бошлади. Кейинги асрларга келиб қатор журналистик уюшмалар тузилди: Халқаро Журналистлар ташкилоти (1906), халқаро Журналистлар Федерацияси (1952), Ҳамдўстлик мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ва бошқалар. Африкада эркин матбуот ролини ошириш мақсадида ноширлар, муҳаррирлар, журналистлар томонидан “Виндхукс” деклерацияси ишлаб чиқилган. ЮНЕСКО томонидан 1991 йил 3 май Жаҳон матбуоти эркинлиги куни деб эълон қилинган ва деклерация қабул қилиниб, шу кунни байрам сифатида нишонлаш белгиланган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг, матбуотнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий, қонунчилик базаси мукаммал шаклланди. Шунингдек, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди. Бундан ташқари, Миллий матбуот маркази, Республика маънавият тарғибот маркази сингари хизматлар ҳам шаклланди.
Бир сўз билан айтганда, айни кунда ОАВ аҳолига тезкор ахборот етказиш, уларнинг тафаккур доираси, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Айниқса, бугунги ахборот асрида матбуотга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бораётганлигини очиқ эътироф этиш жоиз.

Мавзуга оид