Спорт | 23:21 / 04.05.2016
11916
2 дақиқада ўқилади

Беларуслик биатлончи Домрачёва махсус хизмат ходими экани маълум қилинди 

Биатлон бўйича Беларусь терма жамоаси етакчиси, 3 карра Олимпия чемпиони Дарья Домрачева 2014 йил июндан бери Беларусь давлат хавфсизлиги қўмитаси ходими бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Побяржинга иқтибос келтирган ҳолда belapan.by нашри хабар бермоқда.  

"2014 йил июндан Домрачева ДХХ хизматида бўлган, бироқ айни вақтда Дарья Владимировна хизмат ходими ҳисобланмайди", деб айтди Побяржин. Матбуот хизмати аёл биатлончи махсус хизматда қандай унвонда бўлгани ва хизматни қандай сабабларга кўра тарк этгани бўйича маълумотларга эга эмаслигини таъкидлаб ўтди.   

3 майда Беларуснинг "Динамо" жисмоний тарбия-спорт жамияти сайтида Домрачева Беларусь ДХХнинг тергов қўмитасида катта лейтенат унвонида хизмат ўтаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Кейинроқ бу маълумот ўчириб ташланган.

Апрель бошида 8 карра Олимпия чемпиони, норвегиялик биатлончи Уле-Эйнар Бьорндален Домрачева ундан фарзанд кутаётганини маълум қилган. 

29 ёшли Домрачева икки карра жаҳон чемпиони (2012 ва 2013 й.) ва икки карра жаҳон кубоги соҳибаси (2014 ва 2015 й.) ҳисобланади. Биатлончи 2014 йилги Сочи Олимпиадасида учта олтин медаль қўлга киритган. Спортчи жорий мавсумни касаллиги туфайли ўтказиб юборди.

Мавзуга оид