Жаҳон | 22:16 / 05.05.2016
25112
3 дақиқада ўқилади

DWN: Эрдўғаннинг куёви Туркиянинг янги бош вазири бўлиши мумкин

Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви, Туркия Энергетика вазири Берат Албайрак мамлакат бош вазири лавозимига айланиши имкониятлари нисбатан кўпроқ бўлган номзод сифатида қаралмоқда. Бу ҳақда Deutsche Wirtschafts Nachrichten нашрига асосланиб РИА Новости хабар тарқатган.

Шунингдек, Аҳмад Довудўғлининг истеъфосидан кейин бўшаб қолган лавозимни эгаллаши мумкин бўлган номзодлар қаторида Транспорт вазири Бинали Йилдирим номи ҳам тилга олинган, аммо Албайракнинг имконият кўпроқлиги айтилмоқда.

Нашрда таъкидланишича, Эрдўғаннинг кадрлар бўйича сиёсати ишончсизликка асосланиши билан характерланади, аммо ҳозирча оила аъзолари бундан мустасно.

Албайрак номзоди нафақат оила аъзоси экани учун, балки Энергетика вазири сифатида ҳам бу ўринни эгаллаши фойдали бўлиши мумкин.
У вазир сифатида соҳани оила томонидан назорат қилинишини таъминлаган.

Нашр бироз муқаддам Эрдўғаннинг ўғли Билол Эрдўғаннинг ИШИД террорчилари билан нефть борасидаги келишувлари ҳақида тарқалган хабарларни эслатиб ўтган ва бу соҳа Туркия учун энг зарур бўлган соҳалар сирасига кириши таъкидланган.

2015 йилнинг ноябрь ойида Сурия Ахборот вазири Омран Аз-Зоуби ИШИД нефти Билол Эрдўғанга тегишли транспорт компанияси томонидан ташилиши ҳақида хабар қилган эди. Суриялик сиёсатчининг сўзларига кўра, Туркия президентининг ўғли жангарилардан хомашё ва тарихий ёдгорликларни ҳам сотиб олган.

Бошқа бир айбловларга кўра, Билол Ироқни босиб олган жангариларнинг нефтларини харид қилган ва уни Осиё мамлакатларига ўтказиб юборган, шу боис, маҳаллий ОАВ Билолга "ИШИДнинг нефть вазири" номи берилган.

Бугун Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғли  ўз лавозимидан ва Адолат ва тараққиёт партияси раҳбарлигидан кетиши ҳақида расман эълон қилди.

Аҳмад Довудўғли 2014 йилда Туркия бош вазири лавозимини эгаллаганди. Уни Ражаб Тойиб Эрдўған ўзининг ўрнига партия раҳбарлигида қолдирганди. Сўнгги вақтларда Эрдўған ва Довутўғли ўртасида курдлар муаммоси ҳамда ҳукуматни танқид қилувчиларни таъқиб қилиш масалалари борасида зиддиятлар юзага келган. Шунингдек, сиёсатчилар миграция муаммоси масаласида қарама-қарши фикрларда бўлиб келишмоқда.Қолаверса, Довудўғли Эрдўғаннинг президент ваколатини кенгайтириш, бош вазирнинг даражасини камайтириш ва парламент тизимини ислоҳ қилиш бўйича қарорларига қарши чиққан.

Янги бош вазир номи Туркия ҳукмрон партиясининг 22 май куни ўтказиладиган навбатдан ташқари қурултойи вақтида маълум қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид