Жаҳон | 20:08 / 19.10.2024
2258
2 дақиқада ўқилади

Япониялик эркак бош вазир қароргоҳига бостириб киришга уринди

Токиода ҳукмрон Либерал-демократик партия штаб-квартираси ва бош вазир қароргоҳига ҳужум уюштирган эркак қўлга олинди.

Фото: NHK

Токиода ҳукмрон Либерал-демократик партия штаб-квартираси ва бош вазир қароргоҳига ҳужум уюштирган эркак қўлга олинди, деб хабар беради NHK телеканали. У ичида ёнувчан суюқлик бўлган бир нечта бутилкани отган ва машинасида қароргоҳ панжарасини бузиб ўтишга уринган.

Қайд этилишича, қўлга олинган шахс партия штабининг кириш қисмига беш ёки олтита «Молотов коктейлини» отган. Бутилкалардан бири полиция машинасига келиб тушган. Ҳодиса оқибатида юзага келган ёнғин ўчирилган, ҳеч ким жароҳат олмаган. Шундан сўнг эркак машинада воқеа жойидан яширинган ва бош вазир қароргоҳи ҳудудига бостириб киришга уринган.

Эркак машинаси ёрдамида панжараларни бузиб ўта олмаган. Шундан кейин у тутун ҳосил қиладиган шашкага ўхшаш предметни отмоқчи бўлган.

2023 йилнинг апрелида ўша вақтда ҳукумат раҳбари бўлган Фумио Кисидага суиқасд уюштирилган эди. 24 ёшли япон унга қарата қўлбола портловчи қурилмани отган — ҳодиса оқибарида ҳеч ким жароҳатланмаган. 2022 йил июлда Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абе отиб кетилган эди.

Японияда 27 октябр куни муддатидан олдинги парламент сайловлари бўлиб ўтади. Янги бош вазир Сигеру Исиба ҳукумат фаолиятига «тўғридан тўғри баҳо олиш» учун аввалги таркибни тарқатиб юборганди.

Мавзуга оид