Light | 17:37 / 28.05.2016
29578
2 дақиқада ўқилади

Мияни ривожлантиришнинг 5 самарали усули

Ҳар қандай ишда юқори натижаларга эришишни истайсизми? У ҳолда бунинг учун қулай шароит яратиш ҳақида ҳам ўйланг.

Масалан, оширма хамирни ёмон кайфиятда, жаҳл билан қилсангиз-да, тиниши учун елвизакли жойга қўйдингиз дейлик. Хамирингиз яхши чиқармикан?! Мия фаолиятида ҳам худди шундай. Унинг яхши ишлашини хоҳласангиз, бунинг учун шунга яраша шароит яратинг!

Мияни ривожлантиришга ҳаракат қилиш таҳсинга сазовор, албатта, бироқ қуйидагиларсиз ақлий салоҳиятни яхшилашнинг деярли иложи йўқ:

Тўғри овқатланиш

Сизнинг таомномангизда мия учун муҳим манба ҳисобланадиган маҳсулотлар жой олиши шарт: ёнғоқ, балиқ, сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғсиз гўшт, кўкатлар, мева, сабзавотлар, дон маҳсулотлари, қора шоколад.

Спорт машқлари

Ақлий салоҳиятга спортнинг нима алоқаси бор дерсиз?
Айнан жисмоний машқлар ҳужайраларни кислород билан тўйинтириш, ишчанликни ошириш, ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради.

Зарарли одатларни ташлаш

Тамаки ва спиртли ичимликлар, шунингдек гиёҳванд моддалар мия ҳужайраларини шиддат билан яксон қилади.
Сиз чекасизми? Спиртли ичимликларни хуш кўрасизми? У ҳолда ўзингизни ўзингиз ҳалокат ёқасига етаклайсиз.

Уйқу ва ҳордиқ

Ҳа, ўша 8 соатли уйқу организмимиз бутунлай қайта тикланиши учун зарур. 
Шу боис имкон қадар кун тартибингизни бузмай ўз вақтида ухлашга одатланинг.

Тоза ҳаво

Етарлича кислород олиш учун ҳар куни кўчада сайр қилинг ёки жуда бўлмаганда хонани шамоллатишга эринманг.