Жаҳон | 18:10 / 14.06.2016
21303
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Россия билан муносабатлар совуқлашганидан кейин илк марта Путинга мактуб йўллади

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия етакчиси Владимир Путинга мактуб йўллаб, РФ фуқароларини Россия куни билан қутлаган ва рус-турк муносабатлари янги босқичга чиқишидан умид билдирган. 

«Ҳурматли жаноб Президент! Бутун турк халқи номидан Сиз орқали барча россияликларни Россия куни билан табриклайман ҳамда яқин орада Россия ва Туркия муносабатлари ўзига муносиб даражага чиқишига умид билдираман», — дея мактубдан иқтибос келтиради РИА Новости агентлиги. 

Ўз навбатида, Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ҳам россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведевга йўллаган табрик хатида, яқин истиқболда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва алоқалар икки халқ умумий манфаатларига жавоб берадиган даражага чиқишига ишонч билдирган. 

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Туркия раҳбаридан мактуб олинганини тасдиқлаб, у ТИВ канали орқали келганини айтган. 

Аввал хабар қилинганидек, Эрдўған Россия-Туркия муносабатлари илиқлашувига умид билдириб, «ўйлайманки, тез орада биз муносабатларни тиклаймиз ҳамда янада қалинроқ ҳамкорлик қилиш мақсадида аввалги алоқаларга қайтамиз», — деган эди.