Фан-техника | 18:22 / 14.06.2016
17995
8 дақиқада ўқилади

Смартфон эгалари ишонувчи 10 та “ҳақиқат”

Сиз ҳануз гаджетларингизни тўлиқ қувватсизлантириб, кейин зарядлашга қўясизми? Бу нафақат бефойда, балки зарарлидир. Агарда сиз очилган дастурларни смартфон янада тезроқ ишлаб қолади, деган мақсадда ёпиб чиқсангиз, ёдда тутинг: сиз фақат зиён иш қиласиз.  

Шундай қилиб, биз бу мақолада энг кенг тарқалган замонавий смартфонлар ҳақидаги чўпчакларни тақдим этамиз.

 

1. Зарядлашдан олдин батареяни тўлиқ қувватсизлантириш керак

Бу темир-никелли ва никель-металлдридли аккумуляторлар даврида долзарб эди. Уларни сотиб олгач, аввалига тўлиқ зарядлаш талаб қилинар эди. Акс ҳолда, уларда телефон ишлаётган маҳал сиғимни камайтирувчи кимёвий ўзгаришлар пайдо бўларди.

Замонавий литий-ионли аккумуляторларда «хотира» эффекти йўқ. Бундан ташқари, литий-ионли аккумуляторларни тез-тез зарядлаш ва қувватнинг бутунлай тугаб қолишига йўл қўймаслик керак. Шундагина улар тез ва кўпроқ ишлайди. Литий-ионли батареяларни 50 фоиздан туширмаган ҳолда қувватлаб юриш мақсадга мувофиқдир.  

 

2. Ҳозир антивирусларни смартфонларга ҳам қўйса бўлади 

Android тизими асосида Linux ядроси бўлиб, у кириш ҳуқуқини назорат қилишга ва уни тўғри ишлашига  жавоб беради. У  «қумдон» (sandbox) деб аталади: ҳар бир дастурнинг ўз идентификатори ҳамда хотира каталоги мавжуд. Шу сабабли ундаги маълумотлар бошқа дастурларда ҳимояланган бўлади.  Бу тизим ҳар бир дастурнинг маълумотларини ҳужумлардан сақлашга ёрдам беради. Android-қурилмага ўрнатилган ҳар қандай дастурнинг ўз «қумдон»и бор бўлиб, агар вирус тушиб қолса, у фақат SD картадаги маълумотларга кира олади.   

Шундай экан, антивирусларни ўрнатишнинг кераги йўқ. Муаммолардан халос бўлишнинг энг осон йўли — бегона иловаларни кўчириб олиш керак эмас, энг яхшиси Google Play ўзидан дастурларини юклаган маъқул. Дастурларни саралаш чоғида Google кўп ҳолларда зиён келтирувчи дастурий таъминотларни рад этади. Шунинг учун вирусларга дуч келиш хавфи камроқдир. 

 

3. Вазифалар менежеридаги ёпиқ дастурлар смартфоннинг ишлаш тезлигини оширади 

Узоқ йиллар давомида очилган дастурларни ёпиб қўйиш аккумулятор қувватини сақлаб қолишга ва тез ҳаракатланувчи тизимни таъминлаб беришга ёрдам беради, деган фикрлар юради. Катта смартфон ёки планшети бор инсонлар эса Task Killers — дастурларни автоматик тарзда беркитувчи хизматдан фойдаланишади. Аслида бу «ёрдамчи» хизмат нафақат «вақт ўғирлайди», балки мутлақо фойдасиз ҳамдир: ёпиқ дастурлар смартфонлар тезлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.  Гап шундаки, Android'да «ёпиқ» дастурлар смартфон зарядини истеъмол қилмайди ва уларни қайтадан тезроқ ишга тушириш учун телефон хотирасида қолади. 

Юқоридаги фикрлар Apple қурилмаларига ҳам тегишли. iOS мустақил тарзда дастурларни ёпа олади. Кўп вазифали панеллар ойнаси — бу шунчаки сўнгги бора фойдаланилган дастурлар скриншотидир.                           

Бироқ кичик истиснолар ҳам мавжуд. Масалан, Facebook мижози бўлган смартфонда ҳаттоки, фон режимида ҳам батарея ҳажми камайиб боради. Бундай фаол дастурларни қўлга олиш ва созламалар менюси орқали ресурслардан фойдаланиш имкониятини чеклаш зарур.

 

4. Процессорда ядро қанча кўп бўлса, смартфон шунча кўп ишлайди

Катта ҳажмдаги ядро, юқори тактли частота, экраннинг кенглиги ва камерадаги туганмас мегапикселлар — бари фойдаланувчи кўзини қувонтиради. Бироқ амалиётда бу акс таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, ядроларнинг катта ҳажмда бўлиши юқори ишлаб чиқаришни белгилаб бермайди. Масалан, замонавий Apple гаджетлари бор-йўғи икки ядродан иборат, лекин электрон бозорда улар доим рейтингнинг юқори чўққиларини забт этиб келмоқда. 

 

5. Қанча мегапикселлар кўп бўлса, камера шунча сифатли суратга олади 

Ҳозирда мегапикселлар камера сифатини баҳолашда асосий мезон саналади. Маркетологлар фикрича: улар қанча кўп бўлса — камера шу қадар яхши ва мўъжизакор суратга олади. Аслида эса мегапикселлар қиймати бор-йўғи катталикка, яъни сурат ҳажмига эътибор қаратади. Суратларнинг сифатли бўлишига мегапикселларнинг ҳажми таъсир кўрсатиши мумкин — улар қанча катта бўлса, ёруғлик шунча кенг жойга тушади ва кам хираликлар кузатилади. 

Аста-секинлик билан реклама компаниялари мегапикселларни унутиб, асосий урғуни объектив диафрагмаси ва пиксел ҳажмига беришни лозим топмоқда.  Galaxy S6 билан қиёслаганда, Samsung Galaxy S7 матрица имконияти 16дан 12 мегапикселга қисқарган. Бироқ суратлар сифати янада яхшиланган. 

 

6. Агарда «Парвоз» режими ёқилса ёки SIM-карта олиб қўйилса, махсус хизматдагилар сизни назорат қила олмайди 

Мутахассислар узоқ масофадан ҳам ўчирилган қурилмани текшира олишади. Ўчиқ бўлиб кўринган смартфон аслида энг кам энергия истеъмоли режимида бўлиши ва алоқани ўрганиб бориши мумкин. Мазкур муаммонинг сўнгги ечими гаджетни ўзингиз билан олиб юрмаслик ёки ундаги батареяни олиб ташлаш бўлади.

 

7. Тез зарядлаш батарейка учун зарарли 

Кўп йиллар аввал аккумуляторларни тез қувватлаш унинг сиғимини камайтириб, иш фаолиятини қисқартиришга олиб келади, деб ҳисоблашган. 2014 йил охирида SLAC National Acceleration Laboratory тадқиқот маркази олимлари томонидан ўтказилган тажриба эса тез ёки одатий зарядлашдан қатъи назар аккумулятор электродлари энергияни кетма-кет ва тўғри тақсимлашини аниқлашди. Демак бу ҳам шунчаки қуруқ гап экан. 

 

8. Ёниқ қолган Bluetooth модули кўп қувватни сарфлаб юборади  

Назарий жиҳатдан, агарда алоқа модуллари ишлаётган бўлса — улар энергияни истеъмол қилади. Кўплаб замонавий смартфонлар Low Energy протоколи ва  Bluetooth 4.0 стандартидан фойдаланади. Бу технология катта тезлик билан қувват кетишини камайтиради. Агарда қувватни тежашни истасангиз,  «кўк тиш»ни ўз ҳолига қўйиб, яхшиси экран ёруғлигини пасайтиринг.  

 

9. Дисплейда пиксел нуқталари кўп бўлса, сифат ҳам яхши бўлади 

Дисплейдаги пикселлар зичлигини ошириш ҳеч қандай визуаль эффект бермайди ва сифатни ҳам яхшиламайди. Сотувчилар урфдан қолаётган  4К экранли гаджетларни сотишни исташмаса-да, катта пикселлилар сифатни таъминлаб бера олмайди.

Пикселларнинг юқори зичлигидаги дисплей график процессорига бўлаган талабни янада оширади, яъни бу смартфон қувватини кўп сарфланишига олиб келади.

 

10. Оператив хотира қанча кўп бўлса, тизим ҳам шунча тез ишлайди 

Аввалари смартфонларнинг кўпчилиги икки-уч гигабайтлар билан чекланар эди, ҳозирда эса тўрт гигабайтли версиялар ҳам пайдо бўлмоқда. Шунингдек, 6 ГБли девайслар яратилиши ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган.

Икки, уч ёки ундан кўп оператив хотира? Шундай савол берилганида, кўпчилик «қанча кўп бўлса, шунча яхши, дейиши аниқ. Бироқ биринчидан, оператив хотира секин ишлашни бошлайди, иккинчидан қурилманинг тезлиги оператив хотирадаги ортиқча жойга эмас, балки дастурий қисмни оптимизация қилишга боғлиқ. Учинчидан, почта, плеер, ижтимоий тармоқ каби оддий вазифалар учун  2 ГБдан ортиқ «оперативкалар» талаб этилмайди. 

Агарда сиз чинакам ўйинлар ва гаджет ишқибози бўлсангиз, катта ҳажмли хотирага эга смартфон сотиб олсангиз арзийди.