Банкдан пул ўғирлаган банк ходимаси уятга қолди
Орамизда шундай инсонлар ҳам борки нафсини тия олмай, кейин юзлари шувут бўлиб, касбдошлари олдида боши эгилиб қолганини билмай қолишади. Шоҳиста (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўн йилдан буён нуфузли банклардан бирида Амалиёт бошқармаси касса амалиётлари бўлимида кассир бўлиб, бинойидек ишлаб келаётганди. У ўзининг хушмуомилалиги, ширинсуханлиги, кўнгли очиқлиги, фидойилиги билан ҳамкасблари орасида ўрнак эди.
Кунларнинг бирида раҳбарият унинг шунча йилдан буён ишлаб келаётган меҳнатини қадрлаб, банкнинг касса амалиётлари бўлими катта кассири лавозимига ўтқазишди. У бундан руҳланиб, янада ўз ишини сидқидилдан бажаришга киришди. Аммо энди унинг ўй хаёлини қандай қилиб бўлсада кўпроқ пул топиш ва тезроқ бойиш, ўртоқлари олдига тилла тақинчоқларга бурканиб бориш ҳисси эгаллаб олганди.
Шоҳиста уйига боргач, ўзича ҳар хил режалар тузиб кўрди. Аммо бирортаси ўзига маъқул келмади. Кейин у бир тўхтамга келди. Энди қулай фурсатни кутиб, банкдан ҳеч кимга сездирмасдан пул ўғирлашни мўлжаллади. Шундагина унинг барча орзу истаклари рўёбга чиқишини ўйлади.
Бу режани амалга ошириш учун унга қулай фурсат керак эди. Кунларнинг бирида Шоҳиста ҳар доимгидек ўз ишларини тугатиб, ҳамкасби Ферузабонуга ёрдамлашиш учун унинг хонасига борди. Ҳамкасби эса ўша куни валюта кассасининг кассири Муҳаррамдан қолдиқ пулларни ҳисоб-китоб қилиб, қабул қилиб олди. АҚШ доллари кўринишидаги чет эл валюталарини чет эл валюталари сақланадиган махсус аравача эшигини ўзига бириктирилган пломбиратори билан муҳрлади. Сўнгра бу аравачани ғазнанинг олд хонасига олиб кириб қўйди. Эшикни кодли қулф билан қулфлади. Ўзининг хонасига тезда қайтишини ўйлаб, хона эшигини калит билан беркитмасдан у ердан чиқиб кетди.
Худди шу қулай дамларни кутиб юрган Шоҳиста у ёқ бу ёққа аланглаганича у ерга кириб келди. Чунки иш кунининг бу пайтида Ферузабону бухгалтер билан бирга кунлик қолдиқ пулларни таққослаш далолатномаси тузишини, бунинг учун эса камида 15-20 дақиқа вақт кетишини биларди. У ушбу фурсатдан фойдаланиб, махфий кодли эшикнинг кодини билганлиги учун уни ҳеч кимга билдирмасдан секингина очди ва банк пул сақлаш омборхонасига кириб эшикни ёпди. Омборхонада бўлган, пул ташиш учун мўлжалланган темир қути эшигининг тамғасини бузиб, пломбасини ўша ердаги қайчи билан кесиб, у ердан 10 пачкадан иборат бўлган 100.000 АҚШ долларини олди. Сўнгра доллар сақланаётган аравачанинг эшигини ёпиб, яна пломбиратор ёрдамида аравачанинг эшигини қайта тамғалашга киришди. Ўмарган АҚШ долларларини эса тезда халатининг орасига солиб, гўёки ҳеч нарса қилмагандек бамайлихотир у ердан чиқиб кетди. Эшикдан чиққач, яна у ёқ бу ёққа аланглади. Йўлакда ҳеч ким кўринмасди. Шоҳиста ўзи ишлайдиган касса ёнига бориб, бироз ўтирди. Иш вақти тугашини интизорлик билан кутди. Юраги дупурлаб ура бошлади.
Хайрият у кутган дақиқалар ҳам етиб келди. АҚШ долларларини курткасининг ичидаги чўнтакларига яширди. Сўнгра ҳамкасблари билан хайрлашиб, банкнинг биносидан чиқди.
Унинг юраги яна тез-тез ура бошлади. Гўёки бироз кўчада турса, уни банкдагилар ортидан келиб, ушлаб оладигандек туюлди. Шунинг учун у шоша-пиша укаси Дадамуҳаммадга қўнғироқ қилди. Укаси гўшакни кўтарган эди Шоҳиста унга тезроқ кўчага чиқиб туришини, фақат уни кутиб олиш учун чиққанлигини ҳеч ким билмаслигини тайинлади.
Кейин у дарҳол бир такси тўхтатди-да ҳайдовчи билан савдолашмасдан машинага ўтириб олиб, борадиган манзилини айтди. Ҳайдовчига шошилиб турганлигини, шунинг учун машинасини тезроқ ҳайдашини илтимос ҳам қилди.
Опасининг нимадандир безовта эканлигини сезган Дадамуҳаммад оила аъзоларига бир сўз демасдан индамайгина уйдан кўчага чиқиб кетди.
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, бир такси келиб унинг ёнига тўхтади. Машинадан опаси Шоҳиста тушди. У дарҳол курткасининг чўнтагидан АҚШ долларларини олиб, унинг ичидан ўзига 300 АҚШ доллари олиб қолди. Қолган пулларни Дадамуҳаммадга бериб тайинлади: “Пакетдаги пуллар ҳозирча сенда туриб турсин. Зарур бўлиб қолганида олиб ишлатаман. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма. Бу иккаламиз ўртасида сир бўлиб қолсин. Омонатимга хиёнат қилмайсан, деган умиддаман”.
Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Давлат опасига “Хўп бўлади, опажон. Менга ишонсангиз бўлади. Бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмайман. Фақат, пулларингизни сақлаб берганим учун менга мукофотини берарсиз”, дея пулларни унинг қўлларидан олди.
Шоҳиста эса у билан хайрлашиб, марказдаги дорихонага қараб кетди. Дорихонага кириб, ўзига ва фарзандларига зарур бўлган дори-дармонларни сотиб олиб уйига борди.
Ўша куни ҳеч нарсадан хабари йўқ Ферузабону барча кассирлардан пулларни қабул қилиб олди. Кейин эса ҳар доимгидек пулларни омборхонанинг ички хонасига киритиш учун бош ҳисобчи ва бошқарувчига кассадаги пуллар тайёр эканлиги ҳақида хабар берди.
Бироздан сўнг омборхонага бош ҳисобчи етиб келиб, қолдиқ пулларни санаб, ўзидаги баланс билан солиштирди. Афсуски Муҳаррам Итолмасованинг аравачасида бўлиши лозим бўлган пуллардан 100.000 АҚШ доллари камлиги маълум бўлиб қолди. Бош ҳисобчи дарҳол бу ҳақда бошқарувчига хабар қилди.
Тезда банк бошқарувчиси ҳам омборхонага келиб, пулларни қайтадан санашга киришди. 100.000 АҚШ долларини худди ер ютиб кетгандек йўқ эди.
Улар ўйланиб қолишди. Кейин эса ўша ерда ишлайдиган барча кассирларни чақиртиришиб, бирма-бир гаплашишди. Афсуски бундан бирон-бир натижа чиқмади. Сўнгра улар биргалашиб, барча кузатув камераларини кўриб чиқишга шошилишди.
Ана шунда ўша ерда ишлайдиган Шоҳиста икки-уч маротаба ёлғиз ўзи атрофга аланглаганича омборхонага кириб чиққанини кўришга муваффақ бўлишди.
Бу пайтда иш вақти тугаб бўлган, барча ходимлар уй-уйига кетишган эди. Банк бошқарувчиси бу ишни шу бугуннинг ўзидаёқ ҳал қилишга ошиқди. Шунинг учун ўша куни кеч бўлсада соат 23.00ларда бошқарувчи Ферузабонуга айтиб, Шоҳистага қўнғироқ қилдирди. Ундан тезда қандай қилиб бўлсада ишхонага етиб келишини, зарур иш чиқиб қолганини айттирди.
Шоҳиста бамайлихотир банкка таксида етиб келди.
Банк бошқарувчиси гапни чўзиб ўтирмасдан дарҳол мақсадга ўтди. Ундан омборхонада шу бугун ғойиб бўлган АҚШ долларларини олган ёки олмаганлигини ёки бирортада гумони бўлса айтишини сўради.
“Неча йилдан буён шу даргоҳда ишлаб келаман. Ҳеч қачон касбимга хиёнат қилмаганман. Ўз ишимни яхши кўраман. Шунинг ортидан фарзандларимни боқаяпман. Мен ҳеч қандай пул олмаганман. Бирорта одамни ҳам омборхонага кирганини кўрганим йўқ” деб ўз сўзларида қатъий туриб олди Шоҳиста.
Банк бошқарувчисининг боши қотди. Қўли билан ушламасдан туриб бировга туҳмат қилиш ҳам гуноҳ эди. Шунинг учун ўша куни банк ходимларининг барчаси пулни қидириш билан овора бўлишди. Шоҳистани эса таксига ўтқизиб юборишди.
Эртаси куни бу ҳақда банк бошқарувчиси ўз ишининг устаси бўлган ИИБ ходимларига хабар берди. Чунки шундан бошқа иложи ҳам қолмаганди.
ИИБ ходимлари дарҳол банкка етиб келишиб, суриштирув ишларини бошлаб юборишди. “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деганларидек, ўз ишининг моҳир терговчилари бир пасда ишчи ходимларни сўроққа тутишиб, гумондор шахсни аниқлашга эришди. Уларнинг назарида бу гумондор Шоҳиста эди.
Аввалига Шоҳиста ИИБ ходимларини чалғитишга уринди. Аммо синчков, тажрибали ходимлар унинг гап-сўзларидан йўқолган АҚШ долларларини аниқ шу аёл олганлинини исботлаб беришди.
Шундан сўнггина аёл кўзлари ёшланиб, ҳақиқатдан ҳам бу ишни кўзи очлигидан, нафси бузуқлигидан, ноиложлигидан қилганлигини тан олди. Укаси Дадамуҳаммадга қўнғироқ қилиб, кеча омонатга берган пулларини олиб келиб беришини сўради.
Бироздан сўнг Дадамуҳаммад опасининг омонатини банкка қайтарди.
Афсуски Шоҳистани деб ҳамкасби Ферузабону ҳам жазоланадиган бўлди.
Суд Ферузабону Забриддиновга ўз мансабига совуққонлик билан қараганлиги, яъни мансабдор шахсни ўз вазифаларига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлиш оқибатида уларни лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар, жиддий зиён етказилишига сабаб бўлганлиги учун айбдор деб топиб энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида, 2.960.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Суд Шоҳиста Абдухолисовани эса қилган айби учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Сўнгра Шоҳиста Абдухолисовага нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Халқимизда “Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур” деган нақл бор. Афсуски нафс балоси Шоҳистани шундай куйга солиб бошини эгиб қўйди.
Хонбиби ҲИММАТ қизи.