Ўзбекистон | 14:51 / 24.06.2016
16372
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга кириши бўйича меморандум қабул қилинди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари Тошкентдаги саммит вақтида  Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо давлат мақомини олиши учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Эндиликда Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш жараёни охирги босқичга ўтди. 2015 йилнинг ёзида Уфада бўлиб ўтган саммитда бу давлатларнинг аъзо бўлиши бўйича жараён бошланганди.

«Давлат раҳбарлари ташкилотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида акс этган талаб ва шартларга мувофиқ келадиган манфаатдор давлатларнинг қўшилиши учун ШҲТ очиқ эканини яна бир бор қайд этиб ўтди. Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо давлат мақомини олиши учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумнинг имзолангани ташкилотни кенгайтириш жараёнидаги муҳим босқич ҳисобланади», — дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.

«Давлат раҳбарларининг қайд этишича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо давлат мақомини олиши ташкилот салоҳиятини оширади ва унинг халқаро майдондаги даврнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, минтақада ва умуман жаҳонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича кўп томонлама механизм сифатидаги ролини оширишга хизмат қилади», — дея қўшимча қилинган вазирлик ахборотида.

Россия президентининг ШҲТдаги махсус вакили Бахтиёр Хакимов бу жараён 2017 йилнинг 7-8 июнь кунларида Остонада бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитга қадар якунланиши кутилаётганини маълум қилди.

Айни вақтда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон  ва Ўзбекистон ташкилот аъзолари ҳисобланишади. Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 

Фото: © РИА Новости