Ўзбекистон | 12:47 / 24.06.2016
25840
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари 2013 йилдан буён илк марта музокара ўтказишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 24 июнь куни Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашув ўтказди

Президентимиз Ислом Каримов билан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон минтақада тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ўз ташқи сиёсат концепциясига мувофиқ барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантирмоқда. 

Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли бунга яққол мисолдир. Ушбу замонавий транспорт йўлаги мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади. 

Учрашувда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди. 

Алмазбек Атамбоев самимий учрашув учун давлатимиз раҳбари Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, Қирғизистон Ўзбекистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини қайд этди. 

Қайд этиш керакки, бу икки сиёсатчи ўртасида бундан аввал охирги марта 2013 йилнинг сентябрида Бишкек шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити доирасида икки томонлама учрашув ўтказилганди.