Ўзбекистон | 14:28 / 27.06.2016
13044
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1,4 тонна гиёҳванд воситалари ёқиб йўқ қилинди

26 июнь «Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш» куни муносабати ҳамда Наркотик моддаларини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган жорий гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари 1,44 тонна гиёҳванд моддасини ёқиб юборишди. Бу ҳақида идоранинг матбуот хизмати маълум қилди. 

«Гиёҳванд моддалар Тошкентдаги корхоналарнинг бирига тегишли ўчоқларда уларни назорат қилиш бўйича идоралараро комиссия аъзолари, БМТнинг гиёҳванд моддалар ҳамда  жиноятчилик, жамият ва ОАВ бошқармаси вакиллари иштирокида ёқиб юборилди», - дея хабар берди МХХ матбуот хизмати.

Идора маълумотларига кўра, йўқ қилинган гиёҳванд моддалар умумий миқдоридан 145 килограммни - героин, 655 килограммни - опиум,  115 килограммни - наша, 496 килограммни - марихуана, 27 килограммни - кўкнор ташкил қилган. Шу билан бирга дори воситаларидаги катта миқдорли гиёҳванд моддалар ҳам йўқ қилинган. 

Ўзбекистонда илк маротаба гиёҳванд моддалар ёқиб юборилган 1994 йилдан бугунги кунгача 55,4 тонна гиёҳванд модда шу йўл билан йўқ қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази берган маълумотларига кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда ноқонуний муомалада бўлган 2,51 тонна гиёҳванд модда йўқ қилинган, шунингдек наркожиноятлар билан боғлиқ 6648 мингта ҳолат қайд этилган. 

 

фото:© РИА 

Мавзуга оид