Жаҳон | 21:37 / 21.08.2024
2997
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ҳаити собиқ президентини гиёҳванд моддалар савдосида айблаб, унга санкциялар қўллади

Мишел Мартелли АҚШга гиёҳванд моддалар етказилишига кўмаклашиб, ўз мавқеини суиистеъмол қилган. Шунингдек, у гиёҳванд моддалар орқали қўлга киритилган ноқонуний маблағларни ювишда, ҳаитилик наркосавдогалар билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ гиёҳванд моддалар савдосида гумонланаётган Ҳаити собиқ президенти Мишел Мартеллига нисбатан санкциялар жорий этиб, уни Кариб давлатларида зўравонлик ва беқарорликни қўзғатишда айблади, деб хабар беради CNN.

АҚШ Молия вазирлигининг қайд этишича, Мартелли АҚШга гиёҳванд моддалар етказилишига кўмаклашиб, ўз мавқеини суиистеъмол қилган. Шунингдек, у гиёҳванд моддалар орқали қўлга киритилган ноқонуний маблағларни ювишда, ҳаитилик наркосавдогалар билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.

20 август куни эълон қилинган санкцияларга кўра, Америка муассасалари ва жисмоний шахслари Мартелли билан молиявий операцияларни амалга ошира олмайди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Ведант Пателнинг маълум қилишича, ушбу қадам орқали Қўшма Штатлар мансаби ва мавқеидан қатъий назар, фаолияти бандитизм ва Ҳаитидаги сиёсий муҳитни беқарорлаштиришга ҳисса қўшадиган барча шахслар учун жавобгарлик муқаррарлигини кўрсатиб қўймоқда.

2011 йилдан 2016 йилга қадар Ҳаити президенти лавозимида ишлаган Мартелли 2022 йилда жиноий гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаганликда гумонланиб, Канада санкцияларига учраган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид