Фан-техника | 08:26 / 29.06.2016
10488
2 дақиқада ўқилади

Samsung Galaxy Note 7‘нинг кўрсаткичлари маълум бўлди

Мобиль қурилмаларнинг расмий намойишидан анча аввал улар ҳақида бир неча маротаба ишончли маълумотлар берган, @evleaks твиттер-блоги муаллифи Эван Бласс Samsung’нинг янги чиқариладиган планшетофонининг муҳим кўрсаткичларини ошкор қилди. Унинг маълумотларига кўра, Galaxy Note 7 5,7 дюймли Super AMOLED QHD-экран ва кўз рангдор пардаси сканери билан жиҳозланади.

Фаблет иккита: 12 Мпли асосий ва 5 Мпли олд камера билан жиҳозланади. Ички ўрнатилган хотира 64 Гб ни ташкил қилади. Қурилма чанг ва намликдан ҳимояни кўзда тутувчи IP68 стандарти бўйича сертификатланади. Қурилманинг корпуси қора, кумушранг ва кўк рангда бўлади.

Note 7 қурилмаси Samsung’нинг Нью-Йоркдаги Линкольн-марказда ўтадиган кейинги йирик матбуот-анжумани Samsung Unpacked 2016’да намойиш қилиниши кутилмоқда. Тасдиқланмаган ахборотга кўра, анжуман 2 августда бўлиб ўтади.

Аввалроқ берилган маълумотларга кўра, 7-авлоддаги Note Snapdragon 823 процессори ёки унинг муқобили Exynos, USB Type-C универсал порти, 4000 мА-соат сиғимга эга батарея билан жиҳозланади. Эҳтимол, Note 7’га самарадорликни ошириш учун почта, ижтимоий тармоқ ва мессенжерни бирлаштирувчи Samsung Focus дастури аввалдан ўрнатилади.

Samsung янги Note’ни намойиш қилиш муддатларини йил сайин суриб бормоқда. Note 3 2013 йил 25 сентябрда, Note 4 2014 йил 3 сентябрда, Note 5 эса 2015 йил 13 августда намойиш қилинганди. Кўринишича компания унинг янги қурилмалари Apple одатда кузда кўрсатадиган iPhone ва сентябрдаги IFA кўргазмасида кўрсатиладиган бошқа қурилмалар  олдида кўримсиз туюлмаслигини истайди.

 

Фото:Google image