Жамият | 18:46 / 02.07.2016
13077
3 дақиқада ўқилади

Ҳолландиялик дизайнер ажойиб ҳаво тозаловчи минораларни барпо этди

Ким ҳам тоза, беғубор ҳаводан нафас олишни истмайди дейсиз, аммо бугунги кунда бу аксар шаҳар ва давлатларнинг муаммосига айланиб улгурган дейиш, муболаға бўлмайди. Берклидаги Калифорния университети олимларининг ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Хитойда кунига заҳарли тутундан 4 минг киши ҳаётдан кўз юмади. АҚШда ҳам бу борада ҳаммаси кўнгилдагидек деб бўлмайди. Мамлакат аҳолисининг қарийб ярми, унчалик қулай бўлмаган шароитларда истиқомат қилади ва ифлос ҳаводан нафас олади. Россия ва Европанинг кўплаб давлатларида ҳам вазият аянчли. Россия шаҳарларининг 50 фоиздан кўпроғида яшовчилар ҳам тоза ҳаво танқислигидан азият чекади. 

Ҳолландиялик дизайнер Даан Роозегарде ишлаб чиққан 7 метрлик ҳаво тозалагич, ифлосланган ҳаводан нафас олувчиларнинг жонига аро кирди, дейиш мумкин. Smog Free Tower - тутундан холи минора, гуёки чангютгич каби ифлос ҳавони тортиб олиб, ёриқлари орасидан тозаланган, фильтрланган ҳавони чиқаради. Минора соатига 30 000 куб метр ҳавони тозалай олади. У бунинг учун 1,5 кВт энергия ишлатади. Эътиборли жиҳати, бу энергияни ҳам қурилманинг ўзи ишлаб чиқади. 

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 3 йил сарфлаган дизайнер, эндиликда Хитой ҳукумати билан музокаралар олиб бормоқда. У, сўнгги вақтларда заҳарли тутунлардан ифлосланган Хитой шаҳарларида ўз ғоясини амалга оширишни режалаштираяпти. 

Эҳтимол, бу миноралар дастлаб паркларга ўрнатилади. Улар ташқи кўриниши билан ҳам паркка ўзига хос жило бағишлаши шубҳасиз. 

Минорадан чиқариладиган мусбат ионлар ҳаводаги инсон учун зарарли чангларни ўзига бириктириб олади, ифлос ҳаво тортилгач, у минора тагига чўкади. Технология бошқа усулларда фильтрлаш имконини бермайдиган майда зарраларни ҳам тозалай олади. 

Бу каби миноралар амалий фойдадан ташқари хом-ашё ҳам етказиб бера олади. Гап шундаки, минора ичида тўпланган углероднинг майда зарраларидан ўзига хос тақинчоқлар ва тугмалар ишлаб чиқиш мумкин.

Мавзуга оид