Жаҳон | 13:57 / 03.07.2016
18472
3 дақиқада ўқилади

Польшанинг собиқ президенти: АҚШ ўрнида бўлганимда Россия самолётини уриб туширган бўлардим

Польшанинг собиқ президенти Лех Валенса АҚШнинг Болтиқ денгизидаги «Дональд Кук» эскадрилья мина ташувчиси яқинидан русларнинг Су-24 бомбардимончилари учиб ўтиши билан боғлиқ ҳодисани эслаб ўтди. У кема капитани ўрнида бўлганида Россия самолётларини уриб туширган бўлиши ҳақида айтган.

«Агар шу кема капитани бўлганимда ва шу самолётлар кемам ёнидан учиб ўтганида, уларни уриб туширган бўлардим. Йўқ, унчалик эмас, мен учувчиларни ўлдирмас эдим. Самолётларнинг қанотларини ўққа тутган бўлардим», - деган Валенса Radio Free Europe радиоси учун берган эксклюзив интервьюсида.

Шу билан бирга Польшанинг собиқ президенти бундай иш ҳарбий можаро келтириб чиқармаган бўлишига ишонч билдирган.

«Қандай можаро? Ҳеч ким уруш истамайди, шу жумладан Россия ҳам.<...> Руслар буни ўзига эп кўриши мумкин, лекин бу уларга жуда қимматга тушади», — дея таъкидлади Валенса.

Унинг фикрича, Россиянинг сиёсати «қўрқитиш ва шантаж» ҳисобига ғалабага эришишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрелида Россиянинг Су-24 бомбардимончилари Болтиқ денгизидаги бетараф сувларда сузаётган Америка эсминеци яқинидан учиб ўтганди.

Су-24 самолётларида қурол-яроғ бўлмаган. Улар эсминец палубаси устидан ҳужум чоғида бўладиган манёврни бажарган ҳолда учиб ўтган. Хавфли яқинлашувлардан бири эсминец палубасидан Польша қуролли кучлари вертолёти учиб кетмоқчи бўлганида содир бўлган. Парвозни бекор қилишга тўғри келган.

АҚШ россияликлар самолётлари ўз эсминеци яқинидан учиб ўтиши акс этган видеоларни намойиш қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Америка эсминеци ўз устидан учиб ўтган Су-24 самолётларини уриб тушириш ҳуқуқи бўлгани ҳақида гапирди.

Шу кунларда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва Жон Керри бу ҳодиса билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Россиянинг НАТОдаги доимий вакили Александр Грушко Болтиқ денгизида АҚШ эсминеци бўлишини ҳарбий босим ўтказишга уриниш деб баҳолаган.

Пентагон Россия самолётларининг хавфли яқинлашуви икки мамлакат муносабатлари таранглашишига олиб келишидан огоҳлантирган.