Light | 16:55 / 19.08.2016
15421
3 дақиқада ўқилади

Майкл Фелпсга ўхшашни хоҳлайсизми

Дунёнинг энг машҳур сузувчиларидан бири Майкл Фелпснинг парҳези аллақачон афсонага айланиб улгурган. Оддий инсон учун у истеъмол қиладиган калориялар сони даҳшатли туюлиши мумкин, спортчининг кундалик рационини бутун бир ҳафтага етказиш мумкин. 

2008 йилда Пекинда ўтказилган мусобақалардан олдин Фелпс бир кунда тахминан 12 000 ккал истеъмол қилишини айтган. Кейинроқ сал ошириб юборганини тан олган, бироқ у ҳақиқатда жуда кўп таом еган. 

Парҳез

Спортчининг куни тухумли сэндвичлар билан бошланган, кейин у қуймоқ ва шоколад, француз тостлари, дон маҳсулотлари ва протеин заҳираларини тўлдириш учун бешта тухумдан омлет истеъмол қилган.

Майклнинг тушлиги пишлоқ ва  ветчинали бир неча сэндвичлар, бирор бир қувватбахш ичимлик ва пастадан иборат бўлган. 

Кечки овқатга эса бутун бир пиццани еб, яна ярим килограмм паста қўшиши мумкин эди. 

2008 йилги Олимпиада ўйинларида Фелпснинг парҳези унга саккизта олтин медални қўлга киритишга етарли куч берган. Риодаги натижалари бундан бироз кам, лекин улар ҳам барчада катта таассурот қолдирмоқда. Ҳозир унинг нонуштаси бир финжон қаҳва, мевалар, сули ёрмасидан тайёрланган бўтқа (катта идишда) ва пишлоқ ҳамда ветчинали катта омлетдан иборат. Тушликка қиймали шарчалар солинган катта сэндвич, кечки овқатга эса дон маҳсулотларидан таёрланган бирорта таом, ёғсиз гўшт ва сабзавотлар ейиши мумкин. 

Машқлар

Сузиш спорти югуриш каби кўп калорияни емайди, бироқ Фелпс ўзининг машғулотлар жадвали билан истаганича таом тановул қилиши мумкин. У деярли ҳар куни 5-6 соат машқ қилади. Баъзан бир кунда иккита машҳулот ўтказади. Майкл шунчаки сузибгина қолмай, у сувда махсус машқлар бажаради ва қўшимча ускуналарни қўллайди. Қўшимча ускуналар билан машқ қилиш оёқлар, қорин мушаклари ва тананинг бошқа қисмларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. 

Ҳовуздаги машқларга ҳафтасига уч марта (душанба, чоршанба, жума кунлари) қўшимча вазн машғулотлари қўшилган. Фелпс тортишиш машқларини ўз вазнида бажаришни хуш кўради. Улар мушаклар кучи ва чидамлиликни ошириб, қўшимча вазн машқлари каби уни қўпол ва бесўнақай бўлишига йўл қўймайди. 

Мавзуга оид