Жамият | 21:57 / 22.08.2016
16594
2 дақиқада ўқилади

Пингвинга Норвегия гвардияси генерали унвони берилди (Видео)

Фото: © AFP

Эдинбург ҳайвонот боғидаги қирол пингвин Норвегия Қироллик гвардиясининг бригада генерали бўлди. Эдинбургда бўлиб ўтган тантанали маросимда пингвинга шундай юксак мақом топширилди. Бу ҳақида ВВС маълум қилди. 

Пингвинга Нильс Улаф дея ном берилган. Эдинбург қироллик парадининг иштирокчилари пингвинга ҳурмат бажо келтиришди, парад бошқарувчиси Дэвид Элфрей эса уни лавозими кўтарилиши муносабати билан табриклади. 

Бу Норвегия Қироллик гвардиясида хизмат қилувчи ва у ерда унвонга эга бўлувчи учинчи пингвиндир. Унвонга қадар Нильс Улаф гвардиянинг фахрий полковниги ва рамзи бўлган. Бундан ташқари, 2008 йилда у рицарликка қабул қилинган.

Манбага кўра, пингвин ҳарбий хизматчиларни таний олади ва уларни кўрганида доим қувонади, эътибор марказида бўлганда эса ҳузурланади. Журналистларнинг таъкидлашича, назорат пайтида Нильс сафдаги гвардиячиларни диққат билан текширади. 

Норвегия Эдинбург ҳайвонот боғига биринчи қироллик пингвини 1913 йилда совға қилинган. 1972 йилдан Эдинбург ҳайвонот боғининг пингвинлари Норвегия Қироллик гвардиясининг рамзига айланади. Гвардия ҳар сафар ҳайвонот боғига келганида пингвинларга ҳарбий унвонлар берилади. 

Гвардия рамзи бўлган пингвин анъанага кўра, Нильс Улаф деб номланади. Ушбу анъанани бошлаб берган Нильс Эгелиен шарафига пингвинларга шундай исм берилади.  Улаф эса, Норвегия қироли - Улаф V номидан олинган.  

Биринчи Нильс Улаф 1987 йилда гвардия сержанти сифатида ҳаётдан кўз юмган. Кейин иккинчи Нильс Улаф тайинланган, ундан сўнг учинчиси...Ҳар бир пингвин аввалгиси қайси унвонда жон берган бўлса, ўша унвонда хизматни бошлаган. Айнан шу сабаб ҳозирги Нильс Улаф бригада генерали даражасигача кўтарилишга муваффақ бўлган. 

Мавзуга оид