Жаҳон | 16:31 / 23.08.2016
6323
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон мактабларида дарслик танқислигига ечим топилди

Қирғизистон ҳукумати республика мактабларида дарсликлар танқислиги сабаб, ўқув китобларини ижарага бериш механизмини жорий қилишни таклиф этмоқда.  

"Ҳар йили дарсликларни чоп этиш молиялаштирилишига қарамай, ўқув китобларининг танқислиги долзарб масаладан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан бу муаммони ҳал этиш бўйича зарурий чоралар кўриш лозим", - деган Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков ҳукумат йиғилишида. 

Унинг сўзларига кўра, 2012-йили Қирғизистон мактабларини дарсликлар билан таъминлашга 36,5 млн сом (530 минг доллар) ажратилган бўлса, 2015-йили бу рақам 130 млн сом (1,9 млн доллар)ни ташкил этган. Бироқ, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси 79,6 фоизни ташкил этмоқда.

"Бу вазиятда, китоблар ижарасини ташкил этиш – энг арзон ва дарслик билан таъминлашнинг халқаро тажрибадан ўтган усулидир. Экспертларнинг ҳисобларига кўра, иш тўғри йўлга қўйилса, 5 йил ичида танқисликни бартараф этиш мумкин бўлади. Давлат бюджети эса фақатгина 20 фоиз маблағни ажратиши кифоя қилади. У ҳам бўлса, интернат, меҳрибонлик уйлари ва кам таъминланган оилалар учун ажратилади", - деб қайд этган бош вазир ўринбосари Гулмира Кудайбердиева. 

Бугунги кунда, Қирғизистонда 2027та ўрта мактаб фаолият юритади.

Мавзуга оид