Жамият | 21:24 / 26.08.2016
12860
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик рақслари видеоси интернетга чиқиб кетмаслиги учун уни издан чиқармоқчи бўлди

Хитойда полиция интернет-провайдерлар қурилмаларини вайрон қилган кишини ҳибсга олди. Эркак ўзи рақсга тушган сурат ва видеоларнинг интернетга чиқиб кетмаслиги учун шундай қилишга қарор қилган. 

Шаньдун вилоятида яшовчи Лю исмли хитойлик майдонда жамоавий рақсларда иштирок этган. Тадбир вақтида у йўловчилар унинг устидан кулиб, уни суратга олаётганларини пайқаб қолган. Йўловчиларнинг кулгусини қистатган нарса шу бўлганки, Хитойда майдонларда жамоавий рақсга тушишлар кекса ёшдаги аёллар орасида оммалашган, Лю бўлса шундай аёллар орасида рақсга тушган.

Кейинроқ Лю у тасвирланган фото ва видеолар мазаҳ сифатида интернетга юкланиши мумкинлигидан хавотирлана бошлаган. Эркак фотоларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида бутун интернетни издан чиқармоқчи бўлган.

Июнь охирида у оптик толали алоқа линияларини бирин-кетин йўқ қила бошлаган. Унинг хатти-ҳаракатидан етказилган зиён 15 минг долларни ташкил қилган.

Шундан кейин Хитой полицияси бузғунчини ушлаш мақсадида интернет-провайдерлар қурилмалари ёнида патруль қўйган. 19 августда эркакни қўлга олишга муваффақ бўлинган.

Натижада Люнинг хавотирлари беўрин бўлган. Интернетда у рақс тушаётгани фото ва видеолари пайдо бўлмаган.

Хитойда майдонларда жамоавий рақсга тушишлар хитойликлар учун арзон ҳордиқ чиқариш ва оддий жисмоний ҳаракатларнинг ўрнини босувчи усул ҳисобланади.

Мавзуга оид