Ўзбекистон | 22:37 / 06.09.2016
32039
2 дақиқада ўқилади

Кореянинг собиқ президенти Ли Мён Бак: Яқин дўстимни йўқотдим

Бугун 6 сентябрь куни Сеулдаги Ўзбекистон элчихонасига Ислом Каримов хотирасини бажо келтириш учун Корея Республикасининг собиқ президенти Ли Мён Бак ҳукуматнинг бир гуруҳ вазирлари билан бирга ташриф буюрди. Бу ҳақида "Жаҳон" ахборот агентлиги маълум қилди. 

Таъзия китобида у қуйидаги ёзувларни қолдирди:

"Самимий таъзиямни қабул қилинг. Мен дўстимни ҳеч қачон унутмайман. Умид қиламанки, Яратган унинг оиласи ва Ўзбекистон халқини ўз паноҳида асрайди".

Ли Мён Бак Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан яқин дўст бўлишгани ва тез-тез учрашиб туришганини маълум қилди. 

"Мутлақо кутилмаган воқеа рўй берди. Мен яқин дўстимни йўқотдим. Дафн маросимида шахсан иштирок этолмадим. Шу боис Ўзбекистон раҳбарининг оила аъзоларига менинг ҳамдардлигимни етаказишингизни сўрайман", - деди Жанубий Кореянинг собиқ президенти.

Ички ишлар ва давлат бошқаруви вазири Хонг Юн Сик Ислом Каримов тарихий қисқа вақт давомида Ўзбекистон тараққиётида катта ютуқларга эришганини таъкидлади ва бундан кейин ҳам унинг режалаштирган ишлари муваффақиятли амалга оширилишга ишонч билдирди. 

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Лим Сонг Нам Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига ўз таъзиясини изҳор этар экан, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги кўп режали муносабатларнинг ривожланиши ва уларнинг стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиқишда Ислом Каримовнинг ўрни беқиёс эканлигини қайд этди ва бундан кейин ҳам икки томонлама алоқаларнинг кенгайишига ишончи комил эканини айтди. 


 

Мавзуга оид